Инновацион иссиқхона: Энергия самарадорлиги ва рақамли бошқарув уйғунлиги
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялардан фойдаланиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, иссиқхоналарда энергия тежамкор ва экологик тоза ечимларни жорий этиш маҳсулот етиштириш самарадорлигини ошириш, харажатларни камайтириш ҳамда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга хизмат қилади. Шу жиҳатдан инновацион иссиқхона технологиялари соҳада янги имкониятлар очмоқда.
Шу йўналишда Тошкент шаҳридаги кўп тармоқли саноат мажмуаси — Texнопарк корхонаси томонидан ишлаб чиқилган энергия тежамкор иссиқлик насослари иссиқхоначиликда қўллаш учун амалий синовдан ўтказилмоқда. Ушбу технологиянинг самарадорлигини баҳолаш мақсадида жорий йилнинг январь ойида Texнопарк ҳудудида тажриба тариқасида иккита инновацион иссиқхона барпо этилди.
Айни пайтда ушбу иссиқхоналарда помидор ва бодринг кўчатлари парвариш қилинмоқда. Тажриба жараёнида иссиқлик насосларининг совуқ мавсум шароитида ишлаш самарадорлиги, иссиқхона ичида зарур микроиқлимни сақлаш имкониятлари ҳамда энергия тежамкорлик даражаси амалий шароитда ўрганилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, иссиқлик насослари ташқи муҳитдаги энергияни қайта ишлаш тамойили асосида фаолият юритади. Бу эса электр энергиясидан фойдаланиш орқали юқори иссиқлик самарадорлигига эришиш имконини беради.
Хусусан, мазкур технология ёрдамида 1 кВт электр энергияси сарфлаб, 4 кВт иссиқлик энергиясини олиш мумкин. Шу боис, иссиқлик насослари электр қозонларига нисбатан қарийб тўрт баробар самарали ҳисобланади.
Тизимнинг ишлаш принципи сувни 55–60 °C даражагача иситишга асосланган бўлиб, бу иссиқхона ичида ўсимликлар учун зарур бўлган оптимал ҳароратни барқарор сақлашга хизмат қилади. Энг муҳими, ташқи муҳитдаги ҳарорат кескин пасайган шароитларда ҳам иссиқхона ичидаги микроиқлим белгиланган даражада ушлаб турилади.
Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан яна бири — иссиқлик насослари тизимининг қуёш панеллари билан интеграция қилингани. Натижада иссиқхонани иситиш учун зарур электр энергияси қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан олинмоқда. Бу эса анъанавий газ ёки кўмир асосидаги иситиш тизимларига нисбатан энергия харажатларини сезиларли даражада камайтиради.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА