И.Абдураҳмонов: Техника асрининг мураккаб саволларига инсонийлик тушунчалари билан жавоб беришимиз лозим
Жаҳон миқёсида замонавий технологиялар яшин тезлигида ривожланмоқда. Соҳа вакилларининг таъкидлашича, ривожланишлар асосида таълим ва тармоқларда STEM (Science, Technology, Engineering and Math) дастурлари ва технологияларининг жорий қилиниши натижасида мураккаб жараёнларга осон ва самарали ечим топилмоқда. Бугунга келиб, таълим дастурлари боғчадан то олий таълимгача STEM элементлари билан бойитилди. Ёш авлодда муҳандисликка бўлган қизиқиш тобора ортди. Улар технологик жиҳатдан билимли ва “ақлли технологиялар”нинг эркин фойдаланувчисига айланиб бораётганига ҳар биримиз гувоҳмиз.
Қишлоқ хўжалиги вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов шу ҳақда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

– Дарҳақиқат, бугунги кунда инсоният турли соҳаларда илм-фан ва техниканинг илғор ютуқлари, замонавий технологиялар ва илмий ишланмаларни кенг жорий этаётгани бор гап, – дейди Иброҳим Абдураҳмонов. – Маълумотларнинг катта ҳажмдаги тўплами, уларни алмашишдаги юқори тезлик, сунъий идрокнинг пайдо бўлиши, робототехника, биотехнология ва космик тадқиқотлар каби соҳалардаги янгиликлар нафақат иқтисодий ўсишни таъминламоқда, балки инсон ҳаётининг сифатини ҳам сезиларли даражада яхшиламоқда.
Албатта, замонавий ҳаётни илм-фан ва таълим тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳозирги даврда, қайси бир соҳа бўлмасин, унинг ривожланиши учун авваламбор замонавий таълим тизими ва илғор илм-фаннинг узвий тараққиёти муҳим аҳамиятга эга. Чунки, илм-фан ва инновациялар, технологик ютуқларни кенг жорий қилишга инсон капиталини йўналтириш, шахснинг фикрлаш қобилиятига ва тажрибасига эътибор қаратмасдан, ҳақиқий ва барқарор натижаларга эришиш қийин.
Бироқ, муаммо шундаки, замонавий илм-фан ютуқлари, юқори технологиялар ёки инновацияларнинг ахлоқи бўлмайди. Бу ерда физикадаги ядровий билимларни ёки генетикадаги муҳандислик технологияларини (геномини кўчириш, таҳрирлаш) ёки ҳаммага жуда таниш шахсий ҳаёт билан ҳисоблашмайдиган сунъий идрокли янги авлод ақлли қурилмаларини (мобил телефон, камералар, дронлар, зимдан ахборот тўпловчи виртуал олам каби) эслатиш кифоя. Ахлоқ нормаларини эса биз инсонлар белгилашимиз зарур.
Худди шундай технологиялар улуғвор инсоний фазилатлардан батамом мосуво. Албатта, юқорида айтилганидек, инсон ижодкорлиги маҳсули бўлган инновациялар ёки технологиялар билан ахлоқ қоидаларининг ривожланиш симбиози (яъни, бирга ривожланиши) бор гап. Башарият технологик ривожланиш даврида ахлоқ чегаралари умуминсоний тамойиллари ҳамда технология жорий қилишдан юзага келадиган оқибатларни чуқур тасаввур қилиш асосида тафаккур билан белгиланишига умид қилади ва бунга интилади. Бироқ технологик ривожланишда ушбу симбиоз тобора технологик, геосиёсий рақобат ва худбинлашув (геосиёсий ва моддий манфаатдорлик, виртуал қарамлик, қадр-қимматнинг пасайиши каби) туфайли кенг маънода инсоният цивилизациясини, бизнинг ҳаётимизда эса, ҳар бир соҳани зимдан емирмоқда, жамиятни кучсизлантириб бормоқда.
Оқилона ечим эса илмий, инновацион ва технологик ривожланиш даврида STEM дастурларини HECI (хеки) - инглизчада (Humanity, Ethics, Creativity, and Imagination) яъни, инсонийлик, ахлоқ, ижодкорлик ва тасаввур дастурлари билан жадал уйғунлаштириш, технологик худбинлашув ёки “заҳарланиш”га даво (антидот) сифатида умуминсоний қадриятларни барқарор сақлаб қолишга эришишдир. Айтмоқчиманки, технологик ривожланиш авж паллага кўтарилган бугунги замонда нафақат STEMга асосланган юқори технологик малака ва кўникмаларни, балки инсонийлик ва ахлоқийлик, ижодий ёндашув ва жараёнларни тўла тасаввур қила олишдек муҳим малакаларни доимий шакллантириб бориш, бу борада мунтазам ўз устида ишлаш ва даврий шахсий тафтиш ўтказиш ўта долзарбдир.
HECI глобал чақириғи ҳар бир шахс (технологиялар фойдаланувчиси ёки таклиф этувчиси)га тегишли яъни, ўз инсоний фазилатларини ривожлантириш, ахлоқий билимларини ва ахлоқ чегараларини мустаҳкамлаш, масала ва муаммоларга ижодий ёндашиш ва жараённи тўла ва кенгроқ тасаввур эта олишни таклиф этади. Бу юқорида айтилган “инновация-ахлоаънода “заҳарга” айланган маҳсулотнинг дастурхонга тушиши ва касалланган истеъмолчи ҳолатини, оила аъзолари азобини, албатта тасаввур қилиш лозим. Шундагина етиштирувчи бундай амалиётни ўз вақтида онгли тўхтатади ва манфаатларини бошқара олади.
Мана шу жиҳатларни эътиборга олиб, ҳозирда қишлоқ хўжалиги соҳасида 24 соатлик HECI ўқув малака ошириш дастури ишлаб чиқилди ва жорий қилинмоқда. Ушбу дастур қишлоқ хўжалиги муаммоларини ҳал қилиш учун зарур бўлган амалий ва назарий билимларни ўз ичига олади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ушбу тизим олий таълим муассасаларига босқичма-босқич жорий этилмоқда ва натижада талабаларнинг амалий кўникмалари оширилмоқда, замонавий агротехнологиялардан самарали фойдаланиш йўллари ўргатилмоқда, соҳада глобал тажрибани маҳаллий шароитга мослаштириш имкониятлари кенгаймоқда. Бир сўз билан айтганда, HECI тизими олий таълим муассасаларида қишлоқ хўжалиги бўйича таълимнинг сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Мақсад ҳар бир бўлажак қишлоқ хўжалиги мутахассиси бугун ана шу чақириқларни тўғри англаши лозим ва ўзларида HECI кўникмаларини ҳозирги технологик ривожланиш билан уйғунликда мунтазам шакллантириб бориши, маънавий қиёфа ва дунёқарашини доимий тафтиш қилиши зарурлигини чуқур англаши лозим.
Тармоқда маълум муаммо (масалан шўрхоклик, яйловлар эрозияси, рақамлаштириш, Орол денгизи тубини ўзлаштириш каби) ечими устида ишлайдиган олий агромуҳандислик мактабларини ташкил қилар эканмиз, бу олий мактабларда агромуҳандислар билан бирга турли бошқа соҳа вакилларини жалб қилишга ва HECI нуқтаи назарида ишларни ташкил қилишга катта эътибор берилмоқда. Мақсад технологик ечимлар барқарорлигини кафолатлаш. Шундагина биз техника асрининг мураккаб саволларига инсонийлик тушунчалари ила жавоб бера олишимиз мумкин бўлади.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА