I чоракда банклардаги муаммоли кредитлар 1,8 триллион сўмга ошди
2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистон банк тизимида кредитлаш ҳажми сезиларли даражада ўсди. Жумладан, умумий кредит портфели 19,3 триллион сўмга кўпайиб, 623,3 триллион сўмдан ошди.
Марказий банк маълумотларига кўра, мазкур даврда банклар фаолиятида кредит ажратиш ҳажмининг ошиши кузатилди. Айниқса, давлат банклари ҳиссаси катта бўлиб, уларнинг умумий кредит портфели 11,1 триллион сўмга ўсди.
Хусусан, Агробанк (+5,44 трлн сўм), Ўзмиллийбанк (+2,64 трлн сўм), Халқ банки (+1,95 трлн сўм), Алоқабанк (+1,89 трлн сўм) каби йирик молиявий муассасаларда кредит қўйилмалари сезиларли кўпайган. Шу билан бирга, айрим банкларда, жумладан, Ўзсаноатқурилишбанк (-1,63 трлн сўм) ва Асакабанк (-723 млрд сўм)да кредит портфели қисқаргани қайд этилди.
Нодавлат банклар орасида ҳам фаол ўсиш кузатилиб, Ҳамкорбанк (+2,82 трлн сўм), Hayot Bank (+1,03 трлн сўм) ва Капиталбанк (+1,17 трлн сўм) юқори кўрсаткичларни намоён этган. Бироқ TBC Bank (-1,36 трлн сўм) ва Orient Finans bank (-1,36 трлн сўм)да кредитлар ҳажми камайган.
Шу билан бирга, муаммоли кредитлар (NPL) ҳажми ҳам ошган. Хусусан, биринчи чорак давомида улар 1,8 триллион сўмга кўпайиб, жами қарийб 19,9 триллион сўмни ташкил этди. Ўсиш асосан давлат банклари ҳисобига тўғри келиб, уларда муаммоли кредитлар 1,46 триллион сўмга ошган.
Давлат банклари орасида Ўзсаноатқурилишбанк (+704 млрд сўм), Алоқабанк (+232 млрд сўм), Асакабанк (+203 млрд сўм), Агробанк (+105 млрд сўм) ва Ўзмиллийбанк (+100 млрд сўм)да муаммоли кредитлар кўпайган. Фақатгина Бизнесни ривожлантириш банкида ушбу кўрсаткич бироз камайган (-15 млрд сўм).
Нодавлат банклардан эса Ипотека банкда (-316 млрд сўм) муаммоли кредитлар камайган бўлса, ANOR BANK (+126 млрд сўм) ва Гарант банк (+107 млрд сўм)да аксинча ўсиш кузатилган.
Шу билан бирга, кредит портфелининг умумий ўсиши ҳисобига муаммоли кредитларнинг улуши 3,19 фоиздан 2,99 фоизгача пасайган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА