Хоккейчиларимиз Ислом давлатлари турнирида зафар қучди
Россия Федерацияси Қозон шаҳрида хоккей бўйича ўтказилган Ислом давлатларининг IV халқаро хоккей турнирида Ўзбекистон терма жамоаси 2-ўринни эгаллади.
Мусобақалар давомида 7 та жамоа билан кечган шиддатли ўйинларда хоккейчиларимиз юқори даражадаги маҳорат, характер ва ғалаба қозониш истагини намойиш этди.
Айтиш лозимки, ҳамюртларимиз Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь ва Россия жамоалари билан ўтказган учрашувлари давомида Қозоғистон жамоасини 9:5, Қирғизистон вакилларини 4:3 ҳисобларида доғда қолдирди.
Халқаро турнир жараёнида Ўзбекистон фиджитал федерацияси бош котиби Элбек Маҳмудов Россия хоккей федерацияси бош директори Дмитрий Курбатов ва Олимпия чемпиони, фахрий мураббийи Владимир Мишкин билан учрашди. Суҳбат давомида фиджитал спортини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва спорт саноатига замонавий технологияларни жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ёшлар орасида фиджитал спорт турларини оммалаштириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Т.Рўзиев, ЎзА