Самарқанд вилояти шаҳар ва туманларида санитар тозаликни таъминлашга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида тизим ташкилотларига қўшимча техник воситалар топширилди.
Абонентларга кўрсатиладиган санитар тозалаш хизмати сифатини ҳамда қамров даражасини ошириш, соҳадаги масъул корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча замонавий чиқинди ташувчи махсус техникаларни топшириш маросимида қатнашган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев келгусида амалга ошириладиган ишларнинг сифатли ва самарали кечишида техник воситаларнинг ўрни муҳим эканлигини таъкидлади.
[gallery-24374]
– Етти йил муддатга имтиёзли лизинг шартлари асосида Ургут, Пастдарғом, Жомбой ва Тайлоқ туманлари учун 8 м3 ҳажмдаги 5 та “ИСУЗУ” русумли чиқинди ташувчи махсус техникалар “Тоза ҳудуд” давлат корхонасига топширилди, – дейди Самарқанд вилояти чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Бекзод Пайшанов. – Шунингдек, тизимда давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолият юритаётган Пайариқ туманидаги “Шоҳимардон Асқаров” оилавий корхонасига ҳам худди шундай иккита чиқинди ташувчи махсус техника ажратилди. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрининг эски шаҳар ҳудудида жойлашган хонадонларга сифатли хизмат кўрсатиш, тарихий обидаларга шикаст етказишнинг олдини олиш мақсадида ушбу ҳудуддаги 73 маҳаллага бир донадан махсус чиқинди ташиш мотороллерлари берилмоқда. Улар ёрдамида маҳалла ҳудудидаги чиқиндилар белгиланган мобил чиқинди контейнерларига йиғилади. Кейин махсус техникаларда чиқиндихоналарга олиб кетилади. Кейинчалик бу жараён шаҳардаги барча маҳаллаларга жорий қилиниши кўзда тутилган.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари