Ҳақ сўзга эҳтиёж сўнмайди
-
***

ЎзАнинг Фарғона вилояти бўйича шарҳловчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов бугун 75 ёшга тўлди. Устоз мақомидаги ҳамкасбимизни жамоамиз номидан таваллуд куни билан табриклар эканмиз, у кишига ҳамиша жўшқин илҳом ва мустаҳкам соғлиқ тилаймиз.
М.Обидов қаламига мансуб эълон қилаётганимиз янги мақола ҳам сизни журналист касби, ОАВнинг келажаги ҳақида яна бир бор ўйлаш, мулоҳаза юритишга ундайди.
***
Тавба, ҳамиша ҳаракат, ташвиш ва қувончда ўтган умрга, босиб ўтилган йўлга қараб ҳам қўймабмана... Журналист сифатида имзо чекиб, биринчи бор иш ҳақи олганимга ҳам 54 йил, почтадан қалам ҳақи келганига эса 63 йил бўлибди. Журналист учун аслида ишлаган йилларини акс эттирувчи рақамлар эмас, у қандай ишлагани, ундан элга, юртга фойдаси теккан нима қолгани муҳим.
Журналист ким у? Расмий ҳужжатларда қайд этилганидек, “Ахборот изловчи, қайта ишловчи ва тарқатувчи”ми? Бу ҳам керак. Аммо у, аввало, жамиятнинг кўзи. Парда ортидаги воқелик ва ҳолатларни ҳам пайқай оладиган кўз! У имо-ишорадан товуш топиб, тинглай оладиган қулоқ! Журналист ўзини кўриб-кўрмасликка, эшитиб-эшитмасликка олишга ҳаққи йўқ. Уни жамиятга кўрсатиши, эшиттириши шарт! Шундагина холислик, ҳақгўйлик, адолат каби тушунчалар тўлақонли маъно касб этади. Чунки журналистнинг виждони – ҳақиқатнинг кўзи.
Аммо менинг, ҳамкасбларимнинг виждони, журналистик виждони ҳамиша ҳам ҳақиқатнинг кўзи бўла олдими?
Фаолиятим давомида мендаги ҳақиқат кўзи неча-неча бор зарбаларга учрамади. Ёлғон маълумотлар билан фельетон чоп этдилар, туҳмат, исботи йўқ “далиллар” тўқиб, жиноий иш қўзғатдилар. Неча бор ҳукумат идораларида муҳокама бўлдим. Бир инсонга туҳмат қилишга мажбурлаб босим қилдилар. Мутлақо асоссиз камситиш, жамиятдан четлатиш, ҳатто вазифамдан озод этиш каби хўрланган кунларни ҳам кўрдим. Ва, не бахтки, Яратганнинг ҳизбу ҳимояси ва ҳаётда адолатли инсонлар борлиги туфайли ҳар гал ғолиб чиқдим. Амалдорлар талаби билан қўзғатилган жиноий ишлар уларнинг, ноқонуний қабул қилган қарорлари, адолатсиз буйруқлари... бекор қилинди. Лекин, инсон деган мавжудоднинг феъли ўзгача экан. Йиқитишган жойидан туриб яна ўша, қонига сингган руҳ кўрсатган йўлдан давом этаверар экан. Билмадим, бундай ҳаёт тарзи фақат элга кўз-қулоқ бўламан деган журналистгагина хосмикан? Ҳолбуки, неча бор “жар”га қулатганларида, бас, энди бу касбни тарк этаман, деган изтироб вужудимни қийноққа солган. Аммо виждон йўлига, амрига қарши туриб бўлмасди. Яна ва яна болаликда танлаган йўлдан қолмасдим.
Атрофга қарайман. Мен кабилар бир эмас. Гарчи, тақдирлар турлича бўлса-да, бир йўлдан бораётган, сочлари оқарган, уст-бошлари униққан, соғлиғи ҳам бир қадар, аммо кўзлари, қалбида олов алангаси тафтидан “ҳақиқат”, “адолат”, “холислик” деб аталувчи ҳарорат таралаётган ҳамкасбларимни кўраман. Улар кўп бўлмаса-да, муҳими – бор! Демак, журналистика уйғоқ, у яшайди, давом этади.
Тақдирни қарангки, мен телевидение, газета, интернет деб аталмиш оммавий ахборот воситалари – барчасининг кўчасини кездим. Балки, шунинг учунми, уларнинг ютуқларини ҳам, оғриқларини ҳам юрагимдан ўтказаман.
Бу кунлар ўтар кетар, дея ўзимни овутаман. Аммо ... газеталар адади, обуна жараёни, шу соҳанинг фидойи журналистлари аянчли аҳволга тушиб қолганини кўриш, кузатиш қанчалар изтиробли. Бунинг боиси – кўпчилик газета ўқимай қўйди! Кечагина эмасмиди, даврий нашрлар сотиладиган дўконча олдида турнақатор навбатда турилгани? Кечагина эмасмиди, етакчи, ўқишли газеталар 23-25 миллион аҳолиси бўлган мамлакатда бир миллиондан зиёд ададда чоп этилгани? Кечагина эмасмиди, газетада босилган танқидий - таҳлилий мақолалар олий раҳбариятда муҳокама бўлгани? Йўқ, мен ўтмишни қўмсашдан йироқман. Аммо ҳаёт ҳақиқатидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
“Телевидениеда шундай дейишди”, дер эди аҳоли бирор мавзуда баҳслашса. У телеахборотни кузатар ва унга ишонар эди.
Энди-чи? Мамлакат миқёсидаги газеталар адади (3-4 та ҳукуматга дохил нашрларни ҳисобга олмаганда) 3-4минг нусха атрофида.
Телевизорни кўрувчилар сони кундан-кун камайиб боряпти.
Нима бўлди ўзи? Смартфон барчани “сеҳрлаб” қўйди. Ҳали юролмайдиган ва бир сўз айтолмайдиган чақалоқ ҳам ундан мультфильм кўради, ўйин ўйнайди.
Оила аъзолари бир дастурхон атрофида ўтирса-да, барчасининг “ўз виртуал олами” бор. Мулоқот, тарбия, меҳр-мурувват ўрнини ўша “сеҳргар” эгаллади.
Бу ғоят аянчли ва ўн йилларда ҳам ўнглаб бўлмас салбий оқибатларга олиб келадиган офат! Биргина мисол. Смартфон туфайли саводсизлик авж оляпти. Саводни мактабда ўргатишади-ку, деманг, савод ёзиш ва ўқиш туфайли шаклланади.
Газеталар сони ва адади қисқариши, интернет журналистикаси кенгайиши таҳлилий журналистикага таҳдид бўлди. Ҳамкасблар орасида ахборот ёзиш билан чегараланиб, таҳлилий-танқидий мақолалар, суриштирув, очерк жанрларида қалам тебратадиганлар камайиб боряпти.
Босма нашрлардаги обуна билан боғлиқ иш ҳақининг даражаси журналистнинг касбини ўзгартиришига, масалан, ахборот хизматларига ўтиб кетишига сабаб бўляпти. Бу ҳам журналистикамизга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Сўнгги йиллар ўзбек журналистикасида муросасозлик анъанаси мустаҳкамланди. “XXI аср”, “Ишонч”, “Миллий тикланиш”, “Ҳуррият” каби саноқли нашрлардан ташқари босма ОАВлари “олқишловчи” ва “хабарчи”га айланиб қолди. Гўё улар давлат, халқ манфаатларига зид воқелик, коррупция, порахўрлик, масъулиятсизлик, қўшиб ёзиш каби ҳолатларни “сезишмайди”. Бу, аввало, касбий ахлоқ меъёрларига мутлақо зиддир. Журналист кўриб, билиб турган ҳодисаларга бефарқ бўлишга ҳаққи йўқ. Аммо бир қатор сабаблар, жумладан, муаммо қолиб, уни кўтариб чиққан журналист шахси билан шуғуллана бошлаганлари туфайли касбий талаб, ахлоқ меъёрларида ўзгариш рўй берди. “Менга нима, буни барибир ҳал этиб бўлмайди, катталарга ёмон кўриниб нима қиламан”, каби тушунчалар сингиб боряпти, қалам аҳлига.
Ўзбек медиа матбуотидаги яна бир оғриқли нуқта шундаки, дезинформация, сохта янгиликларга қатъий муносабат, маъмурий жавобгарликни қўллаш камдан-кам учрайди. “Фалончи ишдан бўшатилди”, “Пистончи чет элга қочиб кетибди” каби ахборотлар ёлғонлиги тез орада ошкор бўляпти. Лекин “ёлғончи” ОАВларга ҳеч нарса бўлмаяпти. На раддия, на узр ва унга нисбатан жазо... Оқибатда ўша ахборот тарқатувчи масъулият, жавобгарлик ҳисси каби қадриятлардан узоқлашмоқда. Бу эса ҳеч шубҳасиз “фейк” усталарини рағбатлантиришдир.
Оллоҳга шукрки, замонамиз тинч. Осмонимиз мусаффо. Бу баландпарвоз гаплар эмас. Тинчликнинг қадрини ташвишли кунларда чуқур ҳис қилади инсон.
2000 йил Саросиё ва Узун туманларига жангарилар гуруҳи бостириб кирганида бир ой давомида ҳар куни жанг майдонларидан репортаж бериб бордим. Тасвирчи Шуҳрат Мирзакаримов билан хавф-хатарли ҳолатларда ишладик. Отишмалар чоғи воқеликни тасмага муҳрладик. Орада интервьюлар олдик. Ўшанда ҳар икки томондан ҳам ҳалок бўлаётганларни, душманнинг чекиниш чоғи ташлаб кетилган жасадларини кўрдим, уларни ҳам тасвирга туширдик. Баъзида аскарларга ёрдамлашиб, жар ичи, ўрмонзорлардан чойшабга солинган мурдаларни тепаликка, вертолётгача олиб чиқишда ёрдамлашдим. Бу мудхиш, кўнгилсиз воқеликларнинг видеотасвирлари телевидение архивига топширилган. Бир қисми ўша кунлариёқ “Ахборот” дастурида кўрсатилди. Ўшанда мен жанговар ҳаракатларнинг бориши ҳақидаги ҳар бир сўз ва тасвирни халқ интиқлик билан кутиб, кузатиб турганини қалбан ҳис қилиб, зиммамда, балки тақдиримдаги энг масъулиятли кун ва соатларни бошдан кечираётганимни билар эдим. Мақтанишга йўйманг, бир сонияда биз ҳам марҳумлар қаторида бўлишимиз мумкин эди...
Тасвирчи ва мен хавфли ҳудудлардан телерепортажлар тайёрлаш тажрибасига эга бўлганимиз учун ҳам Саросиёга айнан бизни юборишган. 1999 йилда уч ой давомида Баткен (Қирғизистон) тоғларидаги жанговар ҳаракатлар манзилларидан репортажлар бериб турганмиз. Кейинроқ, Афғонистонни АҚШ бомбалаган чоғда генерал Дўстим ҳимоясида ишладик.
Тинч даврларда ҳам хавфли ҳудудлар: Мингбулоқ нефть фаввораси, Шоҳимардонни сел олаётган кунлар, Бойсун газ конидаги техноген авария... Уларнинг ҳар бирини журналист қисмати деб қабул қилганман. Бундай ҳолатларда ахборот олиш, қайта ишлаш, тарқатиш 50 йиллик фаолиятимдаги энг масъулиятли давр бўлди. Буни англаб, бир сўз айтиб, бир тасвир кўрсатардим. Эфир ортида қанча тасвиру гаплар қолиб кетган... Улар Ватан манфаати, халқ кайфияти, журналистик ахлоқ туфайли эди.
Журналист фақат ахборот тарқатувчигина эмас, унинг ҳар бир воқелик, далилга нисбатан ўз муносабати бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Аммо бу муносабат, аввало, Ватан манфаатига мос тушиши лозим. Ҳаёт йўлим касбим билан боғлиқ жуда кўп машаққатли сўқмоқлардан ўтди. Сабоқ берган, амалиётда қайта тарбиялаган устозларим Тўғон Эрназаров, Элбек Мусаев, отам Долимжон Обидов журналист ҳар қандай шароитда ҳам ҳақ гапни айтиши керак, деб уқтирдилар. Умр бўйи шу ўгитга риоя қилдим. Холислик, адолат, ватанпарварликни қалбим қоидасига айлантирдим. Меҳнатимга яраша қадр топдим, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони беришди, Олий Мажлис депутатлигига сайландим, “Олтин қалам” миллий мукофоти, “Дўстлик” орденига лойиқ кўрилдим.
Аммо... бу йўл осон кечмади. Неча бор туртилдим, сурилдим, четлатилдим. Вазирлар Маҳкамасида муҳокама қилиниб, вазифасидан озод қилинган журналист ҳам балки ёлғиз мендирман. Қалбим озорларга тўлиб тошганида буни қисмат деб билдим, ўзимда курашишга куч, ирода топдим.
“Фарғона ҳақиқати” газетасида мухбиримизнинг Шўрсувдаги оғир экологик вазият ҳақидаги таҳлилий мақоласини навбатдаги сонга қўйдик. Сарлавҳа менга ёқинқирамади. Бундай далиллар ва таҳлилга асосланган мақола дарҳол ўқувчини ўзига тортиши лозим эди. Мен уни “Шўрсувликларнинг шўри қуримайди, агар...” деб ўзгартирдим. Газета чоп этилгач, мақола тилга тушди. Телеграмм каналимизда кўрган ҳамкасбларимиз уни “Миллий тикланиш” ва “Ишонч” газеталарида кўчириб босдилар. “Шов-шув” кўтарилди. Комиссиялар кела бошлади, пойтахтдан. Шунда мамлакат идораларининг бири раҳбари “Албатта, муаммо очиб берилган, аммо мақола сарлавҳасидаги “шўри қуримайди” сўзлари мени тинч қўймади”, деди.
Журналист воқеликни ифодалашда сўз танлаш маҳоратини ишлатиши, тилимиздаги бой захирадан ўринли фойдаланиши зарур. Бунинг учун эса имло луғати, изоҳли луғат, бадиий асарларни ҳар доим ўқиб бориши талаб қилинади.
Журналист ҳақ сўзи учун босимга учраш ҳоллари кузатилади. Босимнинг кўринишлари турлича. Мен ҳаёт ва фаолиятим давомида уларга дош беришга ҳаракат қилдим. Чидадим. Таржимаи ҳолимни тилка пора қилдилар. Сабр билан кутдим.
Ҳар гал танқидий кўрсатув ёки мақола эълон қилишдан аввал битта муҳим “негатив” далилни сақлаб қоламан. Ана шундай пайтларда у асқатади.
Очиғи, муаммо қолиб, айнан муаллиф билан шуғуллана бошлаганларида руҳий тушкунликка учрайман. Ўзимда ўта толиқиш сезаман. Баъзида маълум муддат ёзмай қўяман. Адолатсизлик, натижасизлик қалбимни жароҳатлайди. Ўзимни мағлублардек тутаман. Шундай пайтларда бир сўз – мухлис, ўқувчи, томошабиннинг далдаси мени “даволайди”: “Кўрдим” ёки “Ўқидим, ҳақ гапни айтибсиз”, деган. Бундан ортиқ эътироф борми? Аслида шу юрт, эл манфаати учун таваккал қилиб, “бошни кундага қўйиб”, ўша сатрларни ёзасан, тасвирларни ошкор қиласан. Улар буни ёқлаяптими, демак сен ғолибсан! Бундан ортиқ бахт, қувонч борми журналист учун?
Бу жамият талаби. У ҳеч қачон ўзгармаган. Ҳамиша ҳақиқатни, ҳақ сўзни кутган ўқувчи. Ҳозир ҳам шундайми? Назаримда журналистга жамият талаби сусайиб бораётгандек, ишонч йўқолаётгандек. Бунинг асосий сабаби – журналист сўзига бўлган муносабат, у кўтарган муаммога расмийлар ёндашуви. ОАВлар ҳарчанд бонг урмасин, масъуллар муаммони ҳал қилмас экан, халқда журналистикага ишонч йўқолиб бораверади. Бу даврнинг энг оғриқли масалаларидан бири, деб ҳисоблайман. Истиқбол-чи? Қанчалар умидбахш бўлмай, жамият, давлат журналист айтган хақ сўзга холис муносабатда бўлмас экан, бундай журналистиканинг келажаги мажруҳ.
Яқинда Хитойда бўлдим. Пекиндаги Халқ кутубхонасида сунъий интеллект билан савол-жавоб қилиш имкони яратилибди. Қизиқ, ҳар бир саволга сунъий интеллектдан жавоб топа олсак, унда вақти келиб, умуман, ОАВлар керак бўлмай қолмайдими?! Чунки йил сайин ахборот олишнинг техник имкониятлари кенгайиб боряпти. Бу кетишда сунъий интеллектдан ҳар бир фуқаро тўғридан-тўғри фойдалана оладиган вақт жуда тез етиб келади-ку! Аммо ҳеч қачон, ҳеч қандай СИ инсоний ҳис-туйғу, меҳр ва ғазаб, ҳамдардлик ва қасос каби яна кўплаб руҳий ҳолатларни англай олмайди. Демак, унинг “хулоса”лари қуруқ, фақат рақамли дастурларгагина асосланади. Ҳаёт эса жонли эволюция, асло рақамли технология эмас. Демак, ҳали инсоннинг мулоқот, ҳаётий туйғуларига асосланган журналистика яшайди. Фикр, ахборот алмашув журналистикаси, уни тарқатувчи журналист касби йўқолмайди.
Биз қайси замон, қайси сиёсий тузум, қайси давлат раҳбари даврида яшамайлик ҳақ сўз, холис фикр, адолатга эҳтиёж сўнмайди ва у ҳаёт, биз нафас олаётган ҳаво каби абадийдир.
Муҳаммаджон Обидов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
ЎзА