Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер Тошкентда
Эртага, 19 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати беллашувлари бошланади.
Бугун, 18 ноябрь куни эрта тонгда мазкур нуфузли мусобақада расмий меҳмон сифатида иштирок этадиган Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер Тошкентга етиб келди.
Халқаро дзюдо федерацияси раҳбари етакчилигидаги делегацияни “Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакат дзюдо федерацияси мутасаддилари кутиб олди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент татамиларида кечадиган жаҳон биринчилиги беллашувларида 82 мамлакатнинг 600 нафарга яқин маҳоратли спортчилари чемпионлик йўлидаги курашларда иштирок этади.
Чемпионат беллашувлари 22 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА