Футзал Олимпия ўйинлари дастурига киритиладими?
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) футзал ва соҳил футболи спорт турларини ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш ташаббуси билан чиқишга ҳозирлик кўрмоқда.
Бразилиянинг GLOBO ESPORTE нашри маълумотига кўра, FIFA футзални 2032 йил Австралиянинг Брисбен шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича Халқаро олимпия қўмитасига (ХОҚ) расмий мурожаат билан чиқиш бўйича дастур тайёрламоқда.
FIFAнинг 2027 йилгача мўлжалланган стратегик режаларида футзал ва соҳил футболини Олимпия ўйинларида алоҳида футбол йўналишлари сифатида тақдим этиш масаласи ўрин олган.
Маълумотларга кўра, жорий йил декабрь ойида Халқаро олимпия қўмитаси Ижроия қўмитаси таклиф этилган спорт турларидан қайсилари кейинги саралаш босқичига ўтишини белгилаши кутилмоқдаки, улар қаторида футзал спорт тури ҳам мавжуд.
Агар ташаббус қўллаб-қувватланса, футзал ва соҳил футболи илк бор Олимпия ўйинлари саҳнасига чиқиши ортидан дунёнинг энг кучли футзал терма жамоалари Олимпиада медаллари учун кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, 2032 йилги ёзги Олимпия ўйинлари дастурига қайси спорт турлари киритилиши бўйича якуний қарор келгуси йилнинг 29 апрель – 1 май кунлари Доминикан Республикасида ўтказиладиган Халқаро олимпия қўмитасининг 147-сессиясида қабул қилинади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА