Ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексига аҳоли саломатлиги ва генофондига жиддий хавф солувчи жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи янги моддалар киритилмоқда.
Шунингдек, Жиноят кодексига наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳокимият (мансаб) ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик (раҳнамолик) қилиш ҳамда ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи янги нормалар белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, бу турдаги жиноятларни қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган ишчи гуруҳ йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси юзасидан биринчи ўқишда депутатлар томонидан билдирилган таклифлар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, Жиноят кодексига таклиф этилаётган янги моддаларнинг жойлашуви қайта кўриб чиқилиб, бир қатор моддалар юридик-техника қоидаларига мувофиқлаштирилди. Айрим янги тушунчаларга таҳририй тузатишлар киритилди.
М.Комилова,
ЎзА