“Ғалла-2024”: хирмонлар донга тўлмоқда (+видео)
Шу кунларда Тошкент вилояти далаларида олтиндай товланаётган ғалла ҳосилини нес-нобуд қилмай йиғиштириб олиш уюшқоқлик билан давом этяпти.
Жазирама иссиққа қарамай ғайрат билан ишлаётган ғаллакорлар ва комбайнчиларнинг тинимсиз меҳнати туфайли ҳосил дон қабул қилиш пунктларига пешма-пеш етказилмоқда. Ғалла хирмони кун сайин юксалиб, омборлар донга тўляпти.
Далаларда киши димоғига уриладиган буғдой бошоқларининг ёқимли иси эса бутун мавсум давомида машаққатли меҳнат қилган деҳқоннинг сарҳисоб қилиш палласи келганини билдиради. Буғдой парвариши ва ўримини ўз вақтида агротехника талаблари даражасида бажарган фермерлар ўз режаларини уддалаб юзлари ёруғ бўляпти.
[gallery-17805]
Пискент туманида ҳам 173 та фермер ва қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан жорий йил 8 минг гектар ер майдонига бошоқли дон экилган эди. Ғаллани ўриб-йиғиб олишга жойларда ташкил қилинган 25 та отряд масъул ва 25 та комбайн бириктирилган. Мақсад эса ҳар гектар ердан 80-90 центнер ғалла олиш ва 30 минг тоннага яқин ҳосилни давлатга сотиш. Айни пайтда илғор фермерлар томонидан ҳар гектар ердан 82 центнергача ғалла топширилмоқда.
Шунингдек, Янгийўл туманида 7868 гектар майдонда бошоқли дон экинлари парваришланган. Бу ҳудудда ҳам иш белгиланган тартибда олиб бориляпти. Сектор раҳбарлари мавсумга бириктирилган ҳар бир отряд аъзолари билан суҳбатлашиб, бажарилиши керак бўлган вазифаларни тушунтирган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2024 йил ғалла мавсумида туман бўйича жами 14 та отрядга 14 та ғалла ўриш комбайни бириктирилди.
“Нурдавлет агро файз” фермер хўжалиги биринчилардан бўлиб ғалла топшириш бўйича шартнома режасини ортиғи билан бажарди.
Мазкур фермер хўжалигининг 37 гектар майдонига экилган дон ҳосилидан 111 тонна ғалла олиш белгиланган бўлиб, ҳозир хирмонга 121 тонна сара дон топширилди. Фермер хўжалиги раҳбари У.Эсинбаевнинг меҳнати, намунали кўрсатгичи рағбатлантирилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/s1AiwHVJ1lI" title="“Gʻalla-2024”: xirmonlar donga toʻlmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Вилоятда ғалла ўрим-йиғими қизғин давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА мухбири