Фарғонада саноат қувватлари ошмоқда (+видео)
Фарғона вилояти мамлакатнинг энг йирик саноат марказларидан бирига айланди. 2024 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 91,3 трлн.сўмликни ташкил этди. 2025 йилда эса уни 108,3 трлн.сўмга етказиш кутиляпти.
Бундай ўсишга янги қувватларни ишга солиш эвазига эришиш мумкин. Бунда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг ўрни катта.
– 2025 йилнинг 2 ойида 614,2 млрд.сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 23,0 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинди, – дейди “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси бўлим бошлиғи Беҳзод Муродов.


Ўзбекистон–Хитой “VIKOR” қўшма корхонаси ўтган йили иш бошлади. У автомобиллар учун газ ва пропан қуйиш сиғимларини ишлаб чиқаради. Ўзбекистон бозоридаги бу маҳсулотга йилдан-йилга эҳтиёж ошиб боряпти. Чунки метан ва пропан автомобилларни ҳаракатга келтирувчи энг арзон ёқилғидир. Унинг сиғими эса бир қатор техник кўрсаткичларга эга бўлиши керак. Яъни юқори босимга дош бериши, зичлиги юқори бўлган металдан тайёрланиши, мурват қисмининг мустаҳкамлигига алоҳида талаблар қўйилган. “VIKOR” қўшма корхонаси уларнинг барчасини бажариб, тегишли мувофиқлик сертификатини олди ва 2024 йилнинг ўзида 75 минг дона сиғимлар ишлаб чиқарди.


– 18-20 хил маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Корхонамиз йилига 180 мингта метан балон ишлаб чиқариш қувватига эга. Сиғим қалинлиги 0,7-1 смгача, – дейди “VIKOR” Ўзбекистон–Хитой қўшма корхонаси директори Шерали Исмоилов. –Ҳозир 100 дан зиёд ишчи-мутахассис узлуксиз, кечаю кундуз ишлашмоқда.
Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқарувчи дунёнинг саноқли давлатларидан бири. Шунингдек, катта газ захирасига эга. Демак, “VIKOR” маҳсулотига эҳтиёж ошиб бораверади.


“Қўқон” эркин иқтисодий зонаси атрофида кўркам шаҳар пайдо бўлмоқда. Барча қулайликларга эга ўнлаб уй- жойлар саноат корхоналари билан баробар қад ростлаяпти. 2025 йилда бу ерда 227,7 млн.долларлик саноат лойиҳалари фойдаланишга топширилиши, 2430 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Демак, ҳали бу каби инфратузилма яратиш давом этади. Қолаверса, Қувасой шаҳри ҳудудида яна 117,4 млн.долларлик саноат корхоналари учун 6 та лойиҳа жойлаштирилди. Уларга ҳам инфратузилма керак.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан ушбу ҳудуд инфратузилмаси учун 2025 йилга 70 млрд.сўм маблағ ажратилган, – дейди Беҳзод Муродов. – Шу кунгача 4,5 км газ ва 8 км оқова сув тармоқлари тортилди. Автомобил йўли ва электр тармоқларини тортиш амалга ошириляпти.
“VIKOR” қўшма корхонаси “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида фаолият кўрсатаётган 141 та саноат ишлаб чиқаришидан биттаси, холос. Унга ўхшаш юзлаб замонавий корхоналар туфайли Фарғона вилояти мамлакат саноат индустриясида пешқадамлар сафидан жой олди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sU5rhgxfHmo" title="Fargʻonada sanoat quvvatlari oshmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,Элёр Олимов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари