Фарғонада чемпионлар тантанали кутиб олинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Саудия Арабистонида бўлиб ўтган футбол бўйича U17 ёш тоифасидаги навбатдаги Осиё кубогида ёш футболчиларимиз финалда мезбон жамоа вакилларини мағлубиятга учратиб, чемпионлик шоҳсупасига кўтарилдилар.
Айниқса, ёш футболчиларимизнинг бутун турнир давомида биронта ҳам мағлубиятга учрамасдан, барча учрашувларни ғалаба билан якунлаб, рекорд натижа кўрсатишгани чинакам жасорат ва матонат намунаси бўлди. Қувонарлиси, бутун Ўзбекистон халқига катта қувонч улашган мазкур катта ютуққа Фарғона фарзандлари – бош мураббий Исломжон Исмоилов, футболчилар Асилбек Алиев ҳамда Жамшидбек Рустамов ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшди.
Кеча “Само” спорт мажмуасида фарғоналик чемпионларни тантанали кутиб олиш тадбири бўлиб ўтди. Унда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов бутун халқимиз номидан эришилган катта ютуқ билан барча футбол мухлисларини табриклаб, бу тарихий ғолибликка муносиб ҳисса қўшган бош мураббий Исломжон Исмоилов Президентимиз Фармонига асосан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони, футболчилар Асилбек Алиев ва Жамшидбек Рустамовлар “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланганини мамнуният билан айтиб ўтди. Тадбирда сўз олганлар ёш спортчиларимизнинг бу тарихий ютуғи мамлакатимизда спортга, жумладан, миллионлар ўйини бўлган футболга катта эътибор берилаётганининг меваси эканлигини таъкидладилар.
[gallery-22966]
Осиё чемпионларига кузда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатидаги иштирокларида ҳам омадлар тилаймиз.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА