Экстремизм бўйича жазо енгиллаштирилмоқда
Қонун лойиҳасига шарҳ
Баъзида айрим инсонлар, айниқса, ёшлар ўзи билиб-билмай тақиқланган турдаги ахборот ёки видео-аудио ёзувларни ижтимоий тармоқлар орқали дўстларига “улашиб” қўйгани учун қамалиб кетгани ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушади. Бу билан бир инсоннинг ҳаёти буткул ўзгариб, издан чиқиши, бошқа томонга қараб кетиши мумкин.
Эндиликда қонунчилигимизга жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш ҳолати биринчи марта содир этилса, бунинг учун жиноий эмас, балки маъмурий жавобгарликни жорий қилиш таклиф этилмоқда. Ҳозирги амалдаги тартибда эса бундай қилмиш учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланган. Содда қилиб айтганда, инсонни биринчи хатосидаёқ жиноятчига айлантирмасдан, уни тўғри йўлга солишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда.
Парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни мақсадга қаратилган.
Дарҳақиқат, бугунги кунда экстремистик ва террорчилик ташкилотлари ахборот технологиялари ҳамда Интернет тармоқларидан фаол фойдаланиб, айниқса, ёшларни зўравонлик ва радикал ғояларга жалб этишга уринаётгани кузатилмоқда. Шу боис, амалдаги қонунчиликни замон талаблари асосида такомиллаштириш, профилактика чора-тадбирларини кучайтириш, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш долзарб вазифа ҳисобланади.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат билан Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда экстремизмнинг олдини олиш, бу ҳақда хабар берган шахсларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, ташкилотларни экстремистик деб эътироф этиш тартибларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган нормалар киритилмоқда. Экстремизм учун бирданига жазони кучайтириш эмас, балки жавобгарликни аниқлаштириш ва либераллаштириш таклиф этилмоқда.
Яъни, агар инсон биринчи марта бундай хатога йўл қўйса, унга нисбатан дарров жиноят иши очилмайди. Аксинча, маъмурий жавобгарлик (жарима ёки маъмурий қамоқ) жорий этиляпти. Бу эса адашган, билмасдан қонунни бузган ёшларни тўғри йўлга бошлаш, уларни асраб қолиш, “жиноятчи” деган тамға босилишидан сақлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”, “Ноширлик фаолияти тўғрисида” ҳамда “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунларга ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этиляпти.
Дунёда кескинлашиб бораётган нотинчлик ва зиддиятлар шароитида амалдаги қонунларга киритилаётган бундай ўзгаришлар, энг аввало, мамлакатимиздаги тинч ва барқарор ҳаётни, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Экстремизм ва радикализмга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириб, профилактика ишлари самарадорлигини оширади, тўғри йўлдан адашганларга имкон берилишига асос бўлади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА