ЕИ ва БМТ Ўзбекистонда аёллар имкониятини кенгайтириш дастурини йўлга қўйди
Тошкентда 27 апрель куни Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида аёллар иқтисодий имкониятини кенгайтиришга қаратилган янги қўшма дастур ишга туширилди. Мазкур ташаббус UNFPA, UN Women ва UNICEF иштирокида амалга оширилади.
2026-2028 йилларга мўлжалланган, инсон капиталига сармоя киритиш, репродуктив саломатликни қўллаб-қувватлаш ва демографик барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган ушбу дастур орқали хотин-қизларнинг оилани сифатли режалаштириш хизмати, таълим, муносиб меҳнат ва тадбиркорлик имкониятидан фойдаланиш даражасини ошириш кўзда тутилган. Ҳужжатда гендер тенглик, бандлик ва инклюзив иқтисодий ўсиш масалаларига алоҳида урғу берилган.
Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова таъкидлашича, дастур аёлларнинг иқтисодий фаоллигини кучайтириш, оилаларни қўллаб-қувватлаш ва барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
[gallery-29018]
Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги элчиси Тойво Клаар эса хотин-қизларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш нафақат тенглик, балки барқарор ўсишнинг ҳам муҳим шарти эканига урғу берди.
БМТ тузилмалари вакиллари ҳам лойиҳанинг аҳамиятига эътибор қаратди. Хусусан, Нигина Аббосзода аёлларнинг соғлиқ, ҳуқуқ ва танлов имконияти билан боғлиқ қарор қабул қилишда фаол иштирок этиши муҳимлигини ёқлади. Регина Кастильо ташаббусни миллий устувор йўналишлар ва глобал ёндашувга мос, деб баҳолади. Жерен Гувен Гюрес эса ёшлар, айниқса қишлоқлардаги ва эҳтиёжманд гуруҳлар учун имконият кенгайишини олқишлади.
Даровеқ, энди касбий ва рақамли кўникмани ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда хусусий секторда ишлаш орқали аёлларнинг даромад манбаларига кириш имконияти ҳам ошади.
Табиийки, ташкилотчилар умумий саъй-ҳаракатлардан кутилаётган натижани рақамларда кўрсатиш ҳаракат қилган: 1000 оила қўллаб-қувватланади, 3 000 жуфтликка маслаҳат хизмати кўрсатилади, 700 ўсмир қиз, жумладан ногиронлар қўшимча таълим олади ва банд қилинади, 5 000 хотин-қиз касбий ва рақамли таълим олади, 70 хусусий корхонада гендерга сезгир бошқарув тизими жорий этилади.
Бундан ташқари 400 мутахассис ва фуқаро гендер тенглик ва оилани режалаштириш бўйича билимини оширади. Қолаверса, 50 нафар ОАВ вакили, 180 диний етакчи ва 40 фуқаролик жамияти вакили айни йўналишга фаол жалб қилиниши белгиланган. Натижада жами 1,5 миллион аҳоли репродуктив саломатлик бўйича ахборот ва хизматдан фойдаланиш имконига эга бўлади.
Дилшод Ҳакимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА