Чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳа муҳокама қилинди
Мамлакатимизда чорвачилик тармоғини модернизация қилиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Покистоннинг сут чорвачилиги ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритувчи GO Group компанияси бош ижрочи директори Дур Муҳаммад Аюб бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқот давомида компания вакиллари Ўзбекистонда чорвачилик ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган тўлиқ циклли замонавий комплексни барпо этиш бўйича инвестициявий лойиҳани тақдим этди. Лойиҳада наслчилик, чорва боқиш, ем-хашак ишлаб чиқариш, сўйиш ҳамда гўштни қайта ишлаш жараёнларини ягона тизим асосида йўлга қўйиш кўзда тутилган, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Дастлабки босқичда 20–30 минг бош қорамолга мўлжалланган замонавий чорвачилик мажмуасини қуриш, шунингдек, экспортбоп маҳсулотларни тайёрлаш учун совитиш, музлатиш ва қадоқлаш инфратузилмасини яратиш режалаштирилмоқда.
Учрашувда компания вакиллари Ўзбекистонни Форс кўрфази давлатлари учун гўшт маҳсулотлари етказиб бериш базаси, шунингдек, МДҲ ва Хитой бозорларига чиқиш учун стратегик логистика маркази сифатида баҳолашларини таъкидлади. Шу билан бирга, картошка ва сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш, қайта ишлаш ҳамда уруғчилик соҳасида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирилди.
Томонлар картошка ва сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш ҳамда уруғчилик йўналишларида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
М. ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА