2024-2025 йилларда пахта хомашёсини етиштириш харажатлари учун фермер хўжаликларига ажратилган имтиёзли кредитларни қайтариш 2027 йил 1 январга қадар узайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Пахта ва буғдой етиштирувчи қишлоқ хўжалиги субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2021 йил 11 мартдаги 130-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг “Пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини кредитлаш ҳамда уларни реализация қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 25 декабрдаги 680-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг “Пахта хомашёси етиштириш харажатларини муқобил манбалар ҳисобидан молиялаштириш ва самарали фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги субъектларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2025 йил 24 июлдаги 466-сон қарори, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг “Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2026 йил 28 апрелдаги 206-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Қарорга кўра, 2024-2025 йилларда пахта хомашёсини етиштириш харажатлари учун фермер хўжаликларига ажратилган имтиёзли кредитларни қайтариш муддати, истисно тариқасида, 2027 йил 1 январга қадар узайтирилади.
Бунда Ўзбекистан Республикаси иқтдисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 2024-2025 йилларда пахта хомашёсини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банкларига жойлаштирилган кредит ресурсларини қайтариш муддати мутаносиб равишда узайтирилади.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда пахта, буғдой ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришни молиялаштириш учун буюртмалар шакллантирилиши ҳамда имтиёзли кредитларни сарфланишида шаффофликни таъминлаш мақсадида 2026 йилнинг 1 июлига қадар Жамғарманинг “d-xarid.uz” ахборот тизими Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва тижорат банкларининг дастурий таъминотлари билан интеграция қилинади.
Қарор билан Буғдой етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар қайтарган қишлоқ хўжалиги субъектларига ушбу кредит бўйича тўланган фоиз тўловларининг бир қисмини субсидия сифатида қайтариш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
Мазкур Низом буғдой етиштириш харажатлари учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кредит ресурслари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қайтарган ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, буғдой етиштирувчи барча қишлоқ хўжалиги субъектларига ушбу имтиёзли кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 4 фоиз пунктини субсидия сифатида қайтариш тартибини белгилайди.
ЎзА