Ўзбекистоннинг Лондондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов Бирлашган Қиролликнинг нуфузли “Dukes Education” таълим ташкилоти директори Тим Фиш билан учрашди.
Мазкур ташкилот 30 дан ортиқ таълим муассасалари, жумладан, мактаблар, коллежлар, болалар боғчаси ва ўқув марказларини бирлаштиради. Буларга Cardiff Sixth Form College, Oxford Sixth Form College, Rochester Independent College ва бошқа машҳур таълим муассасалари киради.
Бугун тармоқ нафақат Буюк Британия, балки Швейцария, Ирландия, Испания ва Португалияда ҳам фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, ташкилот талабаларни дунёнинг етакчи университетлари, жумладан, АҚШДаги “Ivy League Schools” таълим даргоҳларига киришларига кўмаклашади.
Музокаралар чоғида Британия томони Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, мамлакатимиздаги нафақат давлат университетлари, балки хусусий таълим муассасалари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.
А.Алимова тайёрлади,
ЎзА