Биологик фаол қўшимчалар: фан, ишлаб чиқариш ва бошқариш
Пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташаббуси билан “Биологик фаол қўшимчалар: фан, ишлаб чиқариш ва бошқариш” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилмоқда.
Пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташаббуси билан “Биологик фаол қўшимчалар: фан, ишлаб чиқариш ва бошқариш” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилмоқда.
Унда тегишли давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Қозоғистон давлатлари мутахассислари иштирок этмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Б.Алматов ва бошқалар биологик фаол қўшимчаларни мамлакатимизга олиб кириш, ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тартибга солиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан янги биологик фаол моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, кимёвий моддалар, биологик воситалар ва материаллар, полимер ва пластик массалар, парфюмерия-косметика воситаларини четдан олиб кириш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларга қулайликлар яратиш, норматив ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиблари белгиланган.
Янги биологик фаол моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, кимёвий моддалар, биологик воситалар ва материаллар, полимер ва пластик массалар, парфюмерия-косметика воситаларини четдан олиб кириш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ёки бу фаолият тури билан шуғулланиш истагини билдирган юридик ва жисмоний шахсларнинг Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги қошида тузилган ишчи гуруҳига ариза ва таклифлар билан электрон шаклда мурожаат қилиш тизими жорий этилди.
Бироқ тизимда жиддий муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, ушбу камчиликларни бартараф этишда халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш эҳтиёжи туғилди. Халқаро мутахассислар иштирокидаги мазкур анжуман, унда берилган таклиф, фикр ва мулоҳазалар эса келгусида мамлакатимизда биологик фаол моддаларни рўйхатга олиш, ишлаб чиқариш ва реализацияси бўйича мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмаклашади.