Беш йилда кибержиноятлар 68 бараварга кўпайган
Сўнгги йилларда кибермаконда содир этилаётган жиноятлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, охирги беш йилда кибержиноятлар 68 бараварга кўпайган. Бу турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича мурожаатлар сони 34 бараварга ошган. 2019 йилда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар тури 18 та бўлган бўлса, ҳозирда 65 тага етган. Ачинарлиси, бу турдаги жиноятлар умумий жиноятларнинг қарийб ярмини ташкил этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Депутат Ж.Абдуллаев қайд этганидек, амалдаги қонунчиликда мазкур соҳани комплекс тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Давлат ва маҳаллий бошқарув органлари, банклар, тўлов тизими операторлари, интернет-провайдерлар ҳамда бошқа ташкилотларнинг кибержиноятлар учун жавобгарлиги белгиланмаган.
Шу боис, қонун лойиҳаси билан кибержиноятларга қарши курашиш тизимини мустаҳкамлаш, масъул органларнинг ваколатларини аниқ белгилаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, интернет фойдаланувчилари, блогерлар ва инфлюенсерлар томонидан шахсга доир маълумотларни эгасининг розилигисиз ошкор этишга йўл қўймаслик бўйича мажбуриятлар жорий этилиши назарда тутилмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар интернет тармоқларида ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ортиб бораётганини таъкидлаб, қонун лойиҳасида ушбу ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган аниқ механизмларни назарда тутиш муҳимлигини билдирди.
Муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ваколатларини кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, ахборот хавфсизлиги стандартларини ишлаб чиқиш, антифрод тизимларини жорий этиш, шубҳали операциялар юзасидан банк ҳисобварақларини вақтинча тўхтатиб туриш ҳамда транзакцияларни ягона платформага интеграция қилиш каби вазифалар назарда тутилмоқда.
Фракция йиғилишида кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА