Белградда жаҳон чемпионати бошланди
Аввал хабар берганимиздек, бугун, 25 октябрь куни Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпионатининг илк жангларига старт берилади.
Кеча нуфузли мусобақага қуръа ташлаш ва чемпионатнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Тантанали тадбирда юздан ортиқ давлатнинг 650 нафар боксчиси қатори юртимиз чарм қўлқоп усталари ҳам иштирок этди. Ўзбекистон байроғини кўтариб ўтишдек шарафли вазифани ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби Лазизбек Муллажонов бажарди.
Қуръа натижаларига кўра, илк жангларда ҳамюртларимизнинг иштироки қуйидагича кўриниш олди:
48 килограммда Нодиржон Мирзаҳмедов - Р.Нейсбитт (Ирландия),
51 килограммда Ҳасанбой Дўсматов - Сакен Бибосинов (Қозоғистон),
54 килограммда Шаҳобиддин Зоиров - Т.Галанов (Сербия),
57 килограммда Миразизбек Мирзахалилов - Харви (АҚШ) / Устурои (Бельгия),
60 килограмм вазнда Абдумалик Халаков - Роселие (Сейшел ороллари) / Лиама (Македония),
63,5 килограммда Мужибулло Турсунов - З.Ташиев (Қирғизистон) / Т.Иманага (Япония),
67 килограммда Асадхўжа Мўйдинхўжаев - Е.Маккивер (Ирландия),
71 килограмм вазнда Шаҳрам Ғиёсов - Асланбек Шимберганов (Қозоғистон) / Аташгах Моради (Эрон),
75 килограмм вазнда Саиджамшид Жафаров - Л.Фернеза (Словакия),
80 килограмм вазнда Одилжон Аслонов - Е.Чангалавей (Танзания),
86 килограмм вазнда Шоҳжаҳон Абдуллаев - В.Шелстрайте (Бельгия),
92 килограмм вазнда Мадияр Саидраҳимов - Васике (Кения) / Смиахукау (Беларусь),
92 килограммда эса Лазизбек Муллажонов - Амири (Эрон) билан рўбарў келадиган бўлди.
Айтиш жоизки, Белград рингларидаги ҳар бир учрашув ўта масъулиятли. Ҳеч бирини омадли ёки омадсиз қуръа, деб бўлмайди. Аммо Хасанбой Дўсматовнинг олимпия ўйинлари совриндори Сакен Бибосинов (Қозоғистон) билан биринчи дуэлдаёқ тўқнаш келиши, Мирзахалиловнинг АҚШ/Бельгия қарама-қаршилигидан ўтиши ёки Муллажоновнинг эронлик кучли боксчи Амири тўсиғидан ўтиши осон бўлмаслиги бор гап.
Жаҳон чемпионати дастурига биноан бугун, 25 октябрь куни 67 килограммлик боксчилар рингга кўтарилишини инобатга олсак, ҳамюртларимиз учун масъулиятли чемпионат жангларини Асадхўжа Мўйдинхўжаев Ирландия боксчиси Брендан Маккивер ўртасида кечадиган учрашув билан бошлаб беради.
2016 йилги Рио олимпиадаси ғолиби Хасанбой Дўсматов ва қозоғистонлик Токио олимпиадаси совриндори Сакен Бибосинов ўртасидаги учрашув эса эртага, 26 октябрь куни ўтказилади.
Яна бир гап. Мазкур жаҳон чемпионатида АИБА томонидан таклиф этилган дунёнинг номдор спортчилари, сиёсатчилари, мураббийлари қаторида Ўзбекистон спортининг фахри бўлган олимпиада ва жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов ҳам иштирок этмоқда.
Шунингдек, Белграддаги бокс баҳсларини ўзбекистонлик бир қатор ахборот воситаларининг ёш ва иқтидорли спорт журналистлари Ўзбекистон спорт делегациясидан ҳоли тарзда, бевосита иштирок этган ҳолда кузатиб бораётганлиги ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Эслатиб ўтамиз, чемпионат баҳслари 6 ноябрга қадар давом этади.


Т. Рўзиев, ЎзА