Белградда Ўзбекистон - Сербия ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
Куни кеча Белград шаҳрида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Сербия Республикасининг халқаро иқтисодий алоқалар бўйича вазири Ненад Попович ҳамраислигида Ўзбекистон–Сербия иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, ҳудудлар вакиллари иштирок этган йиғилишда Президентимизнинг Сербияга расмий ташрифи шерикликнинг янги босқичини бошлаб бериши таъкидланди. Комиссия фаолиятининг йўлга қўйилиши икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродасини аниқ иқтисодий ечимлар билан мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳамда инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимнинг кучга киргани ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратмоқда.
Ўзаро савдо масалалари муҳокамаси чоғида икки томонлама савдони янада либераллаштириш мақсадида Эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлаш учун ишчи гуруҳ тузишга оид Қўшма декларация имзолашга тайёрланди. Мазкур механизм товарлар ва хизматларнинг ўзаро етказиб берилиши учун янада қулай шарт-шароитларни шакллантириш ҳамда товар айирбошлаш ҳажмини оширишга қўшимча туртки беришга хизмат қилади.
Ҳозирги кунда юртимизда Сербия капитали иштирокида 10 та корхона фаолият юритмоқда. Бутловчи қисмлар ва дори воситаларини маҳаллийлаштириш, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, уруғчилик, боғдорчилик ва сутни қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари белгилаб олинди.
Юк ташувларини соддалаштириш мақсадида рухсатномалар ва дастлабки божхона маълумотларини электрон шаклда алмашиш, шу орқали қоғоз ҳужжатлар айланишини қисқартириш таклиф этилди. Инфратузилма соҳасида Ўзбекистон томонининг Сербия темир йўл тармоғини модернизация қилишда, жумладан, 200 километрлик участкани қуришда иштирок этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Икки мамлакат маҳсулотлари ва инвестициявий таклифларини тақдим этиш, ҳамкорларни излаш ҳамда тармоқлараро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун халқаро кўргазма майдончалари салоҳиятидан фойдаланиш ва қўшма бизнес тадбирларини ўтказиш режалаштирилган. Ана шундай тадбирлардан бири 2027 йилда Белградда бўлиб ўтадиган “EXPO 2027” кўргазмаси бўлади.
Иқтисодий масалалар билан бир қаторда, иштирокчилар қўшма илмий тадқиқотлар, академик алмашинувлар, маданият ва туризм, меҳнат миграцияси ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилдилар. Тошкент ва Белград, Самарқанд ва Нови-Сад шаҳарлари, шунингдек, Самарқанд вилояти ва Воеводина автоном ўлкаси ўртасидаги шериклик алоқаларини ривожлантириш қўллаб-қувватланди.
Гўзал Сатторова, ЎзА