Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назорати самарадорлиги оширилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор масалалар муҳокамаси режалаштирилган.
Мажлисда дастлаб саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳаларидаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан амалдаги қонун ҳужжатларига саноат, радиациявий ва ядро хавфсизлиги ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳаларида давлат назорати тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳалардаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчаларга кўра, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бир қатор қонунларда ваколатли органларнинг ваколатлари, ҳуқуқий мақоми аниқлаштирилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўллашга оид қоидалар назарда тутилмоқда. Бу соҳадаги субъектлар масъулиятини ошириш ва қонунчилик талабларига риоя этилишини кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасидаги нормалар бўйича бир қатор саволлар ўртага ташланди. Жумладан, юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўллашга оид норма бўйича айрим эътирозлар билдирилди. Яъни, саноат хавфсизлигига амал қилмаган ходим эмас, ташкилот жавобгарликка тортилиши қай даражада тўғри бўлиши масаласи ўртага ташланди. Бу борада тегишли жавоблар қайтарилди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши саноат хавфсизлиги, радиациявий ва ядровий хавфсизлик соҳаларидаги ваколатли органларнинг ваколатларини аниқлаштириш, мазкур соҳалардаги қоидаларни ва бошқа талабларни бузганлик учун таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик ва етарлилик принципларига риоя этилишини таъминлаш, соҳада давлат назорати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Моддама-модда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА