Бағдод маҳаллаларида инфратузилмани яхшилаш эътиборда
Фарғона вилоятида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва хавфсиз “тўсиқсиз муҳит” яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, Бағдод туманидаги Чуваланчи маҳалласида бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасини кўриш мумкин. 3 минг 500 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган ушбу маҳаллада инфратузилмани яхшилаш, аҳоли учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, ҳудудда пиёдалар учун хавфсиз йўлаклар ташкил этиш, велосипед йўлларини барпо қилиш, жамоат жойларини ногиронлиги бўлган фуқаролар учун мослаштириш каби ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Мазкур ишлар давлатимиз раҳбари раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида олиб борилаётгани билан аҳамиятлидир.
[gallery-28756]
Мутахассислар таъкидлаганидек, бундай ташаббуслар нафақат аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш, балки жамиятда инклюзив муҳитни шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА