Фарғонада битирувчилар иш берувчилар билан юзма-юз учрашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона давлат техника университетида “Ёшлар куни” муносабати билан “Career Day – Келажагингни бугундан танла” шиори остида меҳнат ярмаркаси, “Очиқ эшиклар куни” ҳамда амалий workshop тадбирлари ташкил этилди.
Тадбир битирувчи ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг касбий йўналишини белгилаш ҳамда иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишга қаратилди.
Унда ишлаб чиқаришда бошқарув ва кимё-технология факультетлари талабалари фаол иштирок этди. Университет ректори, профессор Рустам Тожиев таъкидлаганидек, сўнгги йилларда битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай ярмаркалар талаба, иш берувчи ва кадрлар агентликлари ўртасида самарали мулоқот майдонини яратади.
Ярмаркада минг нафарга яқин талаба қатнашди. Уларнинг 700 нафардан ортиғи ишга жойлашиш мақсадида суҳбатларда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтди. 60 дан зиёд корхона ва ташкилот томонидан 1000 дан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди.
Кимё-технология факультетининг 3-босқич талабаси Муҳаммадрасул Баннопов ярмарка орқали ишга жойлашганини таъкидлади. У Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Харидлар маркази” давлат муассасасининг Фарғона филиалида муҳандис сифатида фаолият бошлашини маълум қилди.
[gallery-29134]
Тадбир давомида 78 нафар талаба ишга жойлашди. Шунингдек, 600 нафардан ортиқ ёш кейинги босқич суҳбатлари учун йўлланма олди.
Меҳнат ярмаркаларини университетнинг бошқа факультетларида ҳам давом эттириш режалаштирилган. Бу талабаларнинг амалий кўникмаларини ошириш ва уларни меҳнат бозори талабларига мос тайёрлашга хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА