Аттракционларда хавфсизлик қандай таъминланмоқда?
Бугунги кунда аҳоли дам олиш маданияти юксалиб бораётган бир шароитда маданият ва истироҳат боғлари, кўнгилочар масканлар фаолиятини хавфсиз ва барқарор ташкил этиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аттракционлардан фойдаланиш жараёнида инсон омили, техник ҳолат ва назорат тизимларининг мукаммал йўлга қўйилгани фуқаролар, хусусан, болалар ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишда ҳал қилувчи ўрин тутади.
Шу нуқтаи назардан, соҳада хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, замонавий назорат механизмларини жорий қилиш ва масъулиятни оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Бекзод Бердиев қуйидагиларни гапириб берди:
– Бу борада қўмита томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, учрашувлар, мулоқотлар ва амалий семинарлар ташкил этилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги маданият ва истироҳат боғида аттракционлар ҳамда болалар ўйин қурилмаларининг техник созлиги ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишига бағишланди.
Семинар давомида соҳадаги долзарб масалалар муҳокама қилиниб, хавфсизликни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, тадбирнинг асосий мақсади аттракционларда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, қурилмаларнинг техник ҳолатини ўрганиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашдан иборат. Бугунги кунда дам олиш масканларида фуқаролар, айниқса, болалар хавфсизлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этади.
Статистик маълумотларга кўра, дунёда аттракционлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг аксар қисми техник носозликлар ва назоратнинг етарли даражада олиб борилмаслиги оқибатида юзага келади. Семинар давомида тадбиркорлик субъектларига аттракционлардан хавфсиз фойдаланиш бўйича бир қатор муҳим талаблар юзасидан тушунтиришлар берилди. Хусусан, металл конструкцияларни мунтазам дефектоскопия кўригидан ўтказиш, ҳар бир қурилма учун масъул шахс тайинлаш, техник хизмат кўрсатишнинг кундалик, даврий ва мавсумий тизимини йўлга қўйиш, техник назорат ва синовларни ўз вақтида амалга ошириш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, хизмат кўрсатувчи ходимларни махсус ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, статик ва динамик синовларни ўтказиш, аттракционларни белгиланган тартибда давлат реестрига киритиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, электр тизимларининг соз ҳолатда бўлиши ҳамда фавқулодда тўхтатиш механизмларининг мавжудлиги устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Мутахассисларнинг фикрича, аттракционлардан хавфсиз фойдаланиш фақат техник хизмат билан чекланмайди. Бу умумий хавфсизлик маданиятининг ажралмас қисми бўлиб, унда тадбиркорлар, ходимлар ва фойдаланувчилар бирдек масъул ҳисобланади. Шу боис, қурилмадан фойдаланишдан олдин унинг ташқи ҳолатини текшириш, белгиланган ёш ва вазн чекловларига амал қилиш ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш кўникмаларига эга бўлиш муҳим аҳамиятга эга.
Қайд этишимиз керакки, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан ўтказилаётган бундай амалий тадбирлар жойларда хавфсизлик тизимини мустаҳкамлаш, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришда алоҳида ўрин тутади. Аттракционларда хавфсизликни таъминлаш эса нафақат талаб, балки ҳар бир инсоннинг ҳаёти ва саломатлигини асрашга қаратилган муҳим вазифа.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА