Азалий дўстлик ва қўшничилик ришталари иттифоқчилик даражасига кўтарилди
Ўзбек ва тожик халқлари асрлар давомида муштарак тарих, ягона маънавий қадриятлар ва ажралмас қардошлик ришталари билан боғланган. Бугун ана шу азалий бирлик замонавий сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик натижасида мутлақо янги стратегик мазмун билан бойимоқда.
2026 йил 26 март куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очган улкан сиёсий воқеа бўлди. Мазкур ташриф ўзаро ишонч ва стратегик шерикликнинг ёрқин ифодаси сифатида нафақат икки давлат алоқаларини мустаҳкамлашга, балки Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва изчил тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи муҳим қадам сифатида эътироф этилди.

1992 йилда ўрнатилган дипломатик муносабатлар сўнгги йилларда олий даражадаги қатъий сиёсий ирода туфайли сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. 2018 йилдан буён фаоллашган олий даражадаги ташрифлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини очди. Бу жараёнда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ўртасида қарор топган очиқ ва самимий мулоқот ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

2026 йилги ташрифнинг тарихий натижаларидан бири — Ўзбекистон – Тожикистон Олий давлатлараро кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилгани бўлди. Ушбу формат ҳамкорликни аниқ режалар ва тизимли механизмлар асосида ривожлантириш имконини беради. Музокаралар якунида Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнот ҳамда турли соҳаларни қамраб олган муҳим ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.
Иқтисодий алоқалар бугунги кунда ҳамкорликнинг энг ҳаракатчан йўналишига айланди. 2025 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 912,3 миллион долларни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 30 фоизга ўсди. Томонлар олдига 2028 йилга бориб ушбу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Бу мақсадга эришиш учун «Ойбек – Фотиҳобод» чегараолди савдо марказини ташкил этиш, «E-Permit» рақамли тизимини жорий қилиш ва логистика инфратузилмасини модернизация қилиш кўзда тутилмоқда.

Инвестициявий ҳамкорлик ҳам изчил кенгаймоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда Тожикистон капитали иштирокида 343 та, Тожикистонда эса Ўзбекистон иштирокида 71 та корхона фаолият юритмоқда. 2025 йилда 427 миллион доллардан ортиқ сармоя ўзлаштирилгани иқтисодий интеграция чуқурлашаётганидан далолат беради. Давлат ташрифи доирасида ишга туширилган 10 та йирик қўшма лойиҳа янги иш ўринлари яратиш ва саноат салоҳиятини оширишга қаратилган.

Транспорт соҳасида ҳам сезиларли ютуқларга эришилди. Душанбе – Тошкент темир йўл қатнови тиклангани, мунтазам автобус йўналишлари ва ҳафтасига 10 тагача авиақатнов йўлга қўйилгани икки халқнинг ўзаро боғлиқлигини кучайтирди. 2025 йилда юк ташиш ҳажми 9,9 миллион тоннани ташкил этди.
Маданий-гуманитар алоқалар икки халқ дўстлигининг маънавий пойдеворидир. Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий меросига бағишланган тадбирлар, таълим ва ёшлар алмашинув дастурлари тарихий яқинликни мустаҳкамламоқда. Ўзбекистондаги 253 та мактабда таълим тожик тилида олиб борилаётгани қардошликнинг амалий ифодасидир.
Халқаро майдонда БМТ, ШҲТ, МДҲ ва ИҲТ доирасидаги мувофиқлаштирилган ҳаракатлар икки давлатнинг ташқи сиёсий қарашлари муштараклигини тасдиқлайди. Айниқса, 2025 йил 31 мартда Хўжанд шаҳрида ўтказилган уч томонлама учрашув ва давлат чегаралари туташ нуқтаси бўйича шартноманинг имзоланиши минтақавий хавфсизлик йўлидаги тарихий воқеа бўлди.
Аслида Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг иттифоқчилик даражасига кўтарилгани узоқ муддатли ишонч ва сиёсий ироданинг натижасидир. Бу шериклик нафақат икки давлат миллий манфаатларига, балки бутун Марказий Осиёнинг барқарор тараққиётига хизмат қилади.
Олимжон ЎСАРОВ,
Мудофаа вазирининг ватанпарварлик
тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар
ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси
ЎзА