Арнасойда "BMB Agro" экин майдонларини икки бараварга кенгайтиради
Арнасой туманидаги "BMB Agro" корхонаси келгуси мавсумда пахта ва ғалла майдонларини икки баравар кенгайтиришни режалаштирмоқда. Айни пайтда янги ҳосил учун ер тайёрлаш, кузги шудгор ва агротехник тадбирлар изчил давом этмоқда.
Қишлоқ хўжалигида эртанги ҳосилнинг тақдири кўп жиҳатдан бугун далаларда бажарилаётган меҳнатга боғлиқ. Ерга ўз вақтида ишлов бериш, ҳар бир қарич майдондан унумли фойдаланиш ва агротехник талабларга амал қилиш баракали мавсумнинг муҳим шартидир.
Арнасой туманидаги «БМБ Агро» жамоаси бугунги кунда ўз ишига масъулият билан ёндашмоқда. Корхона 2026 йилда ғаллачилик ва пахтачилик бўйича белгиланган шартномавий режаларни тўлиқ бажаришга эришди. Эришилган натижалар эса навбатдаги мавсум учун янада катта марраларни белгилашга туртки берди.

Ҳосил йиғиб олинган майдонларда кузги шудгор ишлари бажарилиб, тупроқ экишга тайёрланмоқда. Кузги ғалла экиш мавсуми белгиланган муддатларда якунланди. Айни кунларда майсалар бир текис униб чиқиб, уларни парваришлаш ишларига киришилган.
Деҳқончиликда натижа фақат экилган майдон ёки олинган ҳосил билан белгиланмайди. Дала маданияти, ерга муносабат ва мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, корхонада экин майдонлари атрофини бегона ўтлардан тозалашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ер ресурсларини ишга солиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам изчил давом этяпти. Экин майдонларини кенгайтириш, фойдаланишдан четда қолган ерларни ўзлаштириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш кўзда тутилган.
Корхонанинг келгуси йил учун белгиланган режалари ҳам салмоқли. Бу ердан фойдаланиш самарадорлигини оширишни талаб этади. Шунингдек, агротехник жараёнларни пухта ташкил этиш ва меҳнат ресурсларини тўғри йўналтириш муҳим аҳамиятга эга.

Зеро, қишлоқ хўжалигида катта натижалар тасодифан қўлга киритилмайди. Бугунги шудгорланган ер, ўз вақтида экилган уруғ ва парваришланган майса эртанги ризқ-рўзнинг асосидир. “BMB Agro” жамоаси янги мавсумга масъулият билан ҳозирлик кўрмоқда.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири