Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» билан АПЛ чемпиони бўлиши мумкин
Англия премьер-лигасининг 34-туридан ўрин олган дастлабки уч учрашув ўз якунига етди. Турнинг қолган баҳслари 25 апрель куни бўлиб ўтади.
Кеча ўтказилган учрашувлар орасида Абдуқодир Ҳусанов иштирок этган баҳс алоҳида аҳамият касб этди. «Бёрнли» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги учрашув 1:0 ҳисобида «шаҳарликлар» фойдасига ҳал бўлди. Ягона гол 5-дақиқада Эрлинг Ҳоланд томонидан киритилди. Ҳусанов ушбу учрашувни асосий таркибда бошлаб, тўлиқ ўтказди.
Беллашувдан сўнг бир қатор статистик порталлар вакилимизнинг ўйинини юқори баҳолади. Жумладан, «FotMob» 8.1, «Sofascore» 7.8, «Flashscore» эса 7.9 балл қайд этди.

Ушбу ғалабадан сўнг «Манчестер Сити» очколарини 70 тага етказиб, турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилди. Шу билан бирга, «Арсенал» ҳам 70 очко билан етакчилар қаторида бормоқда, бироқ «МС» захирасида битта ўйин бор.
Қайд этиш жоиз, «Бёрнли» ушбу натижадан сўнг Премьер-лигада қолиш имкониятини деярли йўқотди. Аввалроқ «Вулверхэмптон» ҳам элита дивизионда қолиш имконидан айрилган эди.
Кеча, шунингдек, «Брайтон» «Челси»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, «Борнмут» ва «Лидс» учрашуви 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
25 апрель куни 34-тур доирасида қуйидаги учрашувлар ўтказилади:
«Сандерленд» — «Ноттингем Форест»
«Фулҳэм» — «Астон Вилла»
«Вулверхэмптон» — «Тоттенҳэм»
«Ливерпуль» — «Кристал Пэлас»
«Вест Хэм Юнайтед» — «Эвертон»
«Арсенал» — «Ньюкасл Юнайтед»
Тур 28 апрель куни «Манчестер Юнайтед» ва «Брентфорд» ўртасидаги учрашув билан якунланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА