Маҳаллий ишлаб чиқаришни ошириш учун янги имкониятлар
Бугунги кунда ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш нафақат иқтисодий барқарорлик, балки янги иш ўринлари яратиш ва импортга қарамликни камайтиришда муҳим омил ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, айрим йўналишларда ҳали етарлича ишлаб чиқариш йўлга қўйилмагани тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очади.
Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан ички бозорнинг маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси, ишлаб чиқариш ҳажмлари, рақобат муҳити ҳолати ҳамда импорт географияси юзасидан таҳлил ишлари амалга оширилди.

Таҳлил натижалари қуйидагиларни кўрсатмоқда. Мисол учун, ўрта зичликка эга ёғоч-толали плиталар (MDF) республикада 18 та корхона томонидан 46,7 минг м³ маҳсулот ишлаб чиқарилган. Шу билан бирга, импорт ҳажми 62,3 млн м² ни ташкил этмоқда. Экспорт 973 минг м². Маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси — 8,1 фоиз. Спорт пойабзаллари (теннис, баскетбол, гимнастика ва бошқалар) 4 та корхона томонидан 125 минг жуфт маҳсулот ишлаб чиқарилган. Импорт ҳажми 1,1 миллион жуфт, экспорт эса 50 минг жуфтни ташкил этган. Тўйинганлик даражаси — 10,2 фоиз.
Пойабзал кремини оладиган бўлсак, 3 та корхона томонидан 83 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилган. Импорт — 664 тонна. Экспорт амалга оширилмаган. Тўйинганлик даражаси — 11,1 фоиз.

Шунингдек, электроустаралар бўйича маҳаллий ишлаб чиқариш мавжуд эмас. Импорт — 21,7 минг дона. Экспорт амалга оширилмаган. Тўйинганлик даражаси — 0 фоиз. Зажигалкаларда ҳам маҳаллий ишлаб чиқариш мавжуд эмас. Импорт — 29,2 минг дона. Экспорт амалга оширилмаган. Тўйинганлик даражаси — 0 фоиз.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мазкур товар сегментларида маҳаллий маҳсулотлар улуши паст бўлиб, бозорда импорт устунлиги сақланиб қолмоқда. Бу эса ички ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва рақобат муҳитини кучайтириш учун катта захира мавжудлигини англатади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА