Зеленский Путинга энергетик келишув таклиф қилди (+видео)
Ҳиндистонда 2020 йилда ота ва ўғилнинг ҳибсда вафот этишига алоқадор тўққиз нафар полициячи ўлим жазоси билан жазоланди, Зеленский Россияга энергетика соҳасида ҳужумларни тўхтатиш бўйича келишув таклиф қилди, АҚШ президенти Дональд Трамп эса Эрондаги вазият якунлангач Венесуэла президентлигига номзодини қўйиши мумкинлигини маълум қилди; Исроил ҳарбийларининг Ғазо марказидаги мактаб яқинига берган зарбаси оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди, Ҳиндистон Бангладеш билан қийин ҳудудларда тўсиқ ўрнига дарёларга тимсоҳ ва заҳарли илонларни қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда, Руминия суди Андре ва Тристан Тейтларга нисбатан қўлланган суд назоратини бекор қилди, Венгрия эса «Турк оқими» газ қувурининг бир қисмини кучайтирилган ҳарбий назоратга олди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RDsXkNDuWiY" title="Zelenskiy Putinga energetik kelishuv taklif qildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ҳиндистонда 9 нафар полициячи ўлимга ҳукм қилинди
Ҳиндистонда 2020 йилда ота ва ўғилнинг ҳибсда вафот этишига алоқадор 9 нафар полициячи ўлим жазосига ҳукм қилинди. 58 ёшли Пандиан Жейараж ва унинг 38 ёшли ўғли Беникс коронавирус даврида карантин қоидаларини бузганликда айбланиб қўлга олинганидан сўнг бир неча кун ичида қамоқда ҳаётдан кўз юмган. Суд бу ҳолатни хизмат ваколатининг қўпол равишда суиистеъмоли сифатида баҳолади. Суд жараёнида эркаклар ечинтирилиб, бир-бирининг кўз олдида шафқатсиз калтаклангани аниқланган. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса мамлакатда ҳибсда ўлим ҳолатлари кўплигини таъкидлаб, тизимни халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига мувофиқ ислоҳ қилиш зарурлигини қайд этмоқда.
Зеленский Путинга энергетик келишув таклиф қилди
Украина президенти Владимир Зеленский Россияга энергетика соҳасида ўзаро зарбаларни тўхтатиш бўйича келишув таклиф қилди. Унинг айтишича, бу ташаббус Америка воситачилари орқали Владимир Путин томонига етказилган. Агар Россия Украина энергетика инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатса, Киев ҳам шунга мос равишда жавоб қайтаришини маълум қилди. Шунингдек, у аввал ҳам, жумладан Пасха байрами арафасида вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш таклифини берганини эслатди. Зеленский Украина армиясининг узоқ масофали зарбалари Россия иқтисодиётига, айниқса нефть даромадларига сезиларли таъсир кўрсатяпти, дейди.
Трамп Венесуэла президенти бўлмоқчи эканини айтди
АҚШ президенти Дональд Трамп Эрондаги вазият якунлангач, испан тилини ўрганиб, Венесуэла президентлигига номзодини қўйиши мумкинлигини маълум қилди. У матбуот анжуманида Венесуэла халқидан юқори қўллаб-қувватлаш бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, Трамп тил ўрганишга тез мослашишини ва келажакда бу режани амалга ошириш имкониятига эга эканини айтди. У чиқиши давомида Венесуэладаги вазиятни бир неча бор тилга олиб, мамлакат билан боғлиқ жараёнлар қисқа вақт ичида ҳал этилганини қайд этди.
Исроил Ғазодаги мактаб яқинига берган зарбасидан камида 10 киши ҳалок бўлди
Исроил ҳарбийларининг Ғазо марказидаги мактаб яқинига берган ҳаво зарбаси оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши жароҳатланди. Ҳодиса Ал-Мағозий қочқинлар лагеридан шарқда содир бўлган. Гувоҳлар ва тиббиёт ходимларининг сўзларига кўра, аввал ҳудудда Исроил қўллаб-қувватлайдиган қуролли гуруҳ ва маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашув содир бўлган, шундан сўнг дрон орқали икки ракета учирилган. Ҳужум аҳоли зич яшайдиган ҳудудга тўғри келгани учун қурбонлар сони кўп бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Кейинчалик мазкур қуролли гуруҳ раҳбари 5 нафар Ҳамас аъзоси йўқ қилинганини иддао қилди, бироқ ташкилот бунга изоҳ бермади.
Ҳиндистон Бангладеш билан чегарага тимсоҳ ва заҳарли илонларни қўйиб юбормоқчи
Ҳиндистон ҳукумати Бангладеш билан чегаранинг айрим қийин ҳудудларида тўсиқлар қуриш ўрнига дарёларга заҳарли илонлар ва тимсоҳларни қўйиб юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ташаббус Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукумат даврида муҳокама қилинмоқда. Мамлакат Бангладеш билан 4 минг километрдан ортиқ чегарага эга бўлиб, унинг бир қисми ботқоқлик ва сув тошқинлари сабаб тўсиқ қуриш учун яроқсиз ҳисобланади. Маҳаллий манбаларга кўра, бу ғоя Чегара Хавфсизлик Кучлари ички йиғилишларида кўриб чиқилган ва айрим ҳудудларда муқобил чора сифатида баҳоланган.
Руминияда ака-ука Тейтлардан суд назорати олиб ташланди
Руминия суди Эндрю Тейт ва унинг укаси Тристан Тейтга нисбатан қўлланган суд назорати чораларини бекор қилди. Ака-ука одам савдоси ва бошқа айбловлар бўйича тергов остида қолмоқда. Улар 2022 йил декабрда ҳибсга олинган, кейинчалик эҳтиёт чораси уй қамоғига, сўнг эса полицияда мунтазам рўйхатдан ўтиш мажбуриятига алмаштирилган эди. Энди суд ушбу мажбуриятни ҳам бекор қилди ва қарор устидан шикоят қилиш мумкин эмас. Ака-ука барча айбловларни рад этмоқда, прокуратура эса терговни давом эттирмоқда.
Венгрия Россия гази келадиган қувурни ҳарбий назоратга олмоқда
Венгрия Қуролли кучлари мамлакат ҳудудидан ўтадиган «Турк оқими» газ қувурининг бир қисмини кучайтирилган назоратга олди. Бу қарор Сербия ҳудудида қувур яқинида портловчи модда топилганидан кейин қабул қилинди. Ташқи ишлар вазири Питер Сийярто қувур Венгрия газ тизимининг 56 фоизини таъминлайдиганини ва унинг ҳимояси ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Қувурнинг қўриқлови Венгрия, Россия, Сербия ва Туркия келишуви асосида ҳаводан патруль ва ер усти назорати орқали кучайтирилди.
Нозимбек Мардонов, Салим Обиджонов ЎзА