АҚШда Трамп тасвири туширилган чекланган паспортлар чиқарилади (+видео)
Хориж хабарлари: Кореяда собиқ биринчи хонимга қамоқ жазоси, АҚШда Трамп тасвирли паспортлар, Сурияда суд жараёни бошланди
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/u93l2oEVOG8" title="AQShda Tramp tasviri tushirilgan cheklangan pasportlar chiqariladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жанубий Кореяда собиқ биринчи хоним Ким Кеон-ҳе акцияларни манипуляция қилиш ва порахўрлик билан боғлиқ иш бўйича апелляция суди томонидан 4 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд қарорига кўра, у трейдерлар билан тил бириктириб акциялар нархига ноқонуний таъсир кўрсатган ҳамда ҳукуматдаги мавқейидан фойдаланиб пора олган. Терговда унинг қимматбаҳо совғалар, жумладан Чанел сумкалари ва Графф маржонини олгани ҳам аниқланган. Ким Кеон-ҳе айбловларни рад этиб, Олий судга мурожаат қилишини билдирган.
АҚШда мустақилликнинг 250 йиллиги муносабати билан Дональд Трамп тасвири туширилган махсус паспортлар чиқарилиши режалаштирилмоқда. АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, ушбу ҳужжатлар чекланган миқдорда фақат Вашингтондаги махсус агентлик орқали берилади, қолган паспортлар эса одатий дизайнда бўлади. Янги паспортларда Трамп портрети ва олтин рангли имзо жойлаштирилади, орқа саҳифаларда эса Мустақиллик декларацияси тасвири акс этади. Шунингдек, Трамп имзоси 100 долларлик банкнотларда ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Ҳиндистонда Одиша штатида яшовчи эркак опасининг банк ҳисобидан 211 доллар ечиб олиш мақсадида унинг жасадини банкка олиб боргани ҳақидаги ҳолат жамоатчиликда катта шов-шувга сабаб бўлди. Эркакдан ҳужжатлар талаб қилингач, у марҳуманинг жасади билан қайтган. Полиция аралашувидан сўнг ҳолат изоҳланиб, унга айблов қўйилмаган ва кейинчалик ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Сурияда собиқ президент Башар аль-Асад ва унинг атрофидаги амалдорлар устидан суд жараёни бошланди. Жараён сиртдан олиб борилмоқда, чунки Асад ва унинг укаси мамлакатни тарк этган. Суд дастлабки босқичда собиқ хавфсизлик хизмати вакилларини ҳам қамраб олган бўлиб, бу «ўтиш даври адолати»нинг бошланиши сифатида баҳоланмоқда. Кейинги тингловлар 10 майга белгиланган.
АҚШ президенти Дональд Трамп Буюк Британия қироли Чарлз III билан учрашув чоғида протокол қоидаларини бузгани учун танқид қилинди. У қиролича Камилла билан норасмий жисмоний алоқада бўлгани, Мелания Трамп эса қироличани юзидан ўпиб саломлашгани қайд этилди. Қироллик протоколига кўра бундай ҳаракатлар одоб доирасига кирмайди. Чарльз III АҚШ Конгрессида нутқ сўзлаши кутилмоқда.
Исроил расмийлари Ливанга ҳудудий даъволари йўқлигини билдирган бўлсада, жанубий ҳудудларда «Ҳизбуллоҳ»га қарши ҳарбий операциялар давом этмоқда. Эвакуация огоҳлантиришлари берилган, айрим ҳудудларда ҳаво зарбалари амалга оширилган. Томонлар ўзаро сулҳ бузилишида бир-бирини айбламоқда, минтақада кескинлик сақланиб қолмоқда.
Нозимбек Мардонов, Салим Обиджонов ЎзА