“Замонавий дунёнинг икки хавфли ниқоби: радикализм ва исломофобия”
Глобал янгиликлар ва расмий баёнотларни тезкор тарқатишга ихтисослашган халқаро newsroom.info ахборот платформасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Отабек Муҳаммадиевнинг шу номдаги таҳлилий мақоласи эълон қилинди.
Мақолада инсоният юксак технологик ютуқлар ва глобаллашув даврида яшаётган бўлса-да, жамият барқарорлигига жиддий таҳдид солаётган икки йирик муаммо – радикализм ва исломофобия феномени мавжудлиги қайд этилиб, бу хавфли омиллар атрофлича таҳлил қилинган.
Эътиборли жиҳати, ушбу чиқишда кенг жамоатчилик учун муҳим янгилик ҳам баҳам кўрилган. Миср Вақф ишлари вазири Шайх Усома ал-Азҳарий муаллифлигидаги, “Ал-Азҳар”нинг етук мутахассислари таҳриридан ўтган “ал-Ҳаққул мубийн фи радд ала ман талаъаба бид дийн” (“Динни ўйинчоқ қилганларга раддия сифатида очиқ ҳақиқатлар”) асарини ўзбек тилига таржима қилиш ҳуқуқи 2025 йилда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига берилган эди. Марказ илмий ходимлари томонидан маҳорат билан ўгирилган ушбу рисола бугунги кунда “Очиқ ҳақиқатлар” номи остида нашрга тайёрланди. Мазкур асар сўнгги 80 йил ичида дин ниқоби остидаги сиёсий оқимлар илгари сурган сохта ғояларни Қуръони карим асосида рад этувчи ҳамда уламоларнинг ваҳийдан ҳукм олишдаги мустаҳкам илмий усулларини кўрсатиб берувчи тарихий қўлланмадир.
Мақолада бугунги куннинг мураккаб геосиёсий воқелиги жуда содда ва лўнда тушунтирилган. Радикал кучлар ўзларининг ғаразли сиёсий манфаатларини яшириш учун муқаддас ислом дини ғояларини бузиб кўрсатиб, ёшларни ўз тузоғига илинтиришга уринмоқда. Исломофобия эса мана шу муросасиз тоифалар жиноятларини баъзи ғарб оммавий ахборот воситаларида бутун бир дин мазмунига сингдиришга уринишлар натижасида юзага келган асоссиз қўрқув ва нафрат кайфиятидир. Отабек Муҳаммадиев бу ҳақда фикр юритиб, “Энг ачинарлиси, радикализм ва исломофобия бир-бирини узлуксиз равишда ривожлантирувчи занжир ҳосил қилган”, деб ёзади. Чунки жамиятда камситиш ва адолатсизликка учраган ёшлар осонгина радикал оқимларнинг ўлжасига айланиши мумкин.

Марказ директори ўринбосари мазкур таҳдидларни фақатгина куч ишлатиш йўли билан енгиб бўлмаслигини таъкидлаб, тизимли чора-тадбирларни илгари суради. Бунинг учун, аввало, ёшларга диннинг аслиятдаги бағрикенглик ва инсонпарварлик моҳиятини тўғри етказиш, турли маданиятлар ўртасидаги мулоқотни кучайтириш ҳамда медиа маконда нафрат тилидан (hate speech) бутунлай воз кечиш зарурлигини қайд этади. Мақола сўнггида муаллиф “Тинчлик – фақатгина қуролсизланиш эмас, балки қалблардаги ва онглардаги нафратни йўқотишдир”, деган хулоса жамият учун дастуруламал бўлиши зарарлигини таъкидлайди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири