Заковат ва бағрикенглик уйғун
Ўзбекистонда барча миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом этмоқда.
Бу эса ҳар бир халқ вакилига ўз она тили, миллий қадриятлари ва маданий меросини эркин ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратмоқда.

Жиззах вилоятида фаолият юритаётган Тожик миллий маданий маркази ҳамда истеъдодли ўзбекистонлик тожик адиби Юнуси Имомназар ташаббуси билан ташкил этилган “Хирадманд” (донишманд) интеллектуал ўйини ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мазкур лойиҳа ёшларнинг нафақат билим савиясини ошириш, балки уларда миллий ўзликни англаш ва маънавий камолотни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Нурато тизма тоғлари бағрида жойлашган тожик мактаблари ўқувчилари ўртасида мунтазам ўтказиб келинаётган ушбу интеллектуал баҳс том маънода маърифат майдонига айланди. У нафақат билимлар синови, балки юртимизда турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти ва урф-одатларини асраб-авайлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодасидир.
Навбатдаги тўққизинчи мусобақа Фориш туманидаги тожик тилида таълим олиб бориладиган 14-умумтаълим мактабида ташкил этилди. Унда буюк мутафаккир Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” асаридаги ҳикматлар асосий мавзу сифатида танланди. Бу эса иштирокчиларнинг нафақат билим доирасини кенгайтирди, балки уларнинг маънавий дунёсига ҳам теран таъсир кўрсатди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида Фориш тумани тожик мактаблари ўқувчиларидан иборат “Нури Фориш” жамоаси Нурота тумани вакиллари — “Маърифати нур” жамоаси устидан ишончли ғалабани қўлга киритди. Беллашув иштирокчилари муносиб тақдирланиб, ғолиблар фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Бундай тадбирларнинг юксак савияда ўтказилаётгани замирида мамлакатимизда таълим соҳасига, хусусан, миллий тилларда таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилаётган юксак эътибор мужассам. Хусусан, Фориш туманида тожик аҳолиси истиқомат қиладиган ҳудудларда бешта тожик тилида таълим берувчи мактаб фаолият кўрсатмоқда. Ушбу таълим муассасалари замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган бўлиб, ўқувчилар тожик тилида нашр этилган дарсликлар ва бадиий адабиётлар билан тўлиқ таъминланган.

Бу каби амалий ишлар юртимизда барча миллат ва элат вакиллари учун тенг имкониятлар яратилаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Энг муҳими, мамлакатимизда турли миллат вакиллари бир оиладек аҳил-иноқ яшаб, умумий тараққиёт йўлида елкама-елка меҳнат қилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, “Хирадманд” интеллектуал ўйини каби маънавий-маърифий лойиҳалар ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш билан бирга, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири