Табиат учун бирлашиш муҳим масала
Экологик муаммолар долзарблашиб бораётган айни пайтда ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатлари табиат учун кучларни бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда Ўзбекистон Экологик партияси, “Greenleaf eco” журнали ҳамда Тошкент шаҳридаги Пучон университети ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан меморандум имзоланди.
Ушбу меморандумнинг асосий мақсади экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ёшлар ўртасида экологик маданиятни янада ошириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини илгари суриш ҳамда ёшларни экологик лойиҳаларга жалб қилишдан иборат.

Ҳамкорлик доирасида қўшма семинарлар, экологик тадбирлар, илмий-амалий конференциялар, форумлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш, шунингдек, талабаларни экологик маданиятини ва билимини янада ошириш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.
Томонлар мазкур меморандум орқали экологик барқарорликни таъминлаш йўлида билим, тажриба ва ресурслар алмашинувини йўлга қўйишни келишиб олдилар.

М.Комилова, ЎзА