Юртимнинг бетакрор, гўзал кузи
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон кузи” шеъри талқинида
Юргил, далаларга кетайлик, дўстим,
Диққанафас уйда ётмоқ пайтимас.
Олтин Ўзбекистон тупроғи бу кун,
Бир пари фаслнинг оғушида маст.
Шабнам шовиллайди боғлар қўйнида,
Салқин туман ичра бўзарар тонглар.
Қуёшнинг эринчоқ ёғдуларида
Нафис ялтирайди барги хазонлар...
Севимли шоиримиз Абдулла Орипов бундан 51 йил олдин “Ўзбекистонда куз” шеърида куз манзараларини ана шундай ёрқин, бетакрор мисраларда акс эттирганди. Чиндан ҳам ўлкамиз кузи ўзига хос гўзал ва жозибалидир. Шунданми, шоир мисралари қуйма олтин каби қоғозга муҳрланади.
Ҳар ёнда тўкинлик, куздан нишона,
Ҳар ёнда гўзаллик ёймиш дафтарин.
Сонсиз эгатларга сочилмиш, ана:
Менинг шодликларим, эзгу дардларим....

Куз ҳақиқатдан ҳам далаларда етиштирилган ҳосилни йиғиб-териб оладиган, хирмонлар яратадиган фасл. Шунингдек, ўқувчию талабалар мактаб, техникум, институт ва университетлар бағирларини тўлдириб ўқийдиган, билим оладиган фасл. Аммо собиқ иттифоқ даврида бунинг бутунлай аксини кўраганмиз.
Яхши эслайман. Ўқувчилик пайтларимизда ( ўтган асрнинг 70-йиллари) сентябрь ойининг ўрталарига бориб республикамиздаги барча ишхоналардаги кўплаб ходим, хизматчилар, ўқувчию талабалар пахта далаларига отланишарди. Қилинадиган ишлар, мактабдаги дарслар, аудаториялардаги лекциялар эса бекор қилиниб, бутун мамлакат фақат пахта терими билан нафас оларди. Раҳбарларнинг қулоғига фақат пахта ҳақидаги гаплар кирар, бошқа гапларни эса эшитгилари ҳам келмасди. Ҳаттоки бўладиган тўйлар ҳам кузнинг сўнгги кунларига ёки қишга қолдириларди. Ахир пахта терими долзарб бўлиб турганда турганда ўйин-кулгу, тўй-томоша кўнгилга сиғармиди?! Ушбу ҳолатни шоиримиз қуйидаги сатрларда шундай ифодалаган эди:

Менинг она халқим... Эй қадим ҳалол,
Ризқи она ерга сепилган халқим.
Ушоқ чигитни ҳам этмай деб увол,
Ҳар қарич тупроққа эгилган халқим.
Шоир (А. Орипов) албатта ўша пайтларда бор ҳақиқатни очиқчасига, айтолмаган. Уни мисралар қатига яширишга мажбур бўлган. Биз қуйидаги мисралардан бу дунёда пахтадан ҳам бошқа муҳим нарсалар борлиги, барча эътиборни биргина пахтага қаратиш, ҳаммани теримга жалб этиш нотўғри иш эканлигига бўлган ишорани пайқагандай бўламиз:

Бир нафас бошингни кўтаргину боқ,
Ер юзида ажиб виқор ва нуфуз.
Сенинг ўзинг каби ўйчан ва қувноқ.
Хушфеъл бўлиб келмиш тупроғинга куз.
Шеърни ўқиш жараёнида куз манзаралари янада ёрқин мисраларда акс эттирилганига гувоҳ бўламиз. Биз куз қиёфасида юртини дилдан суйган, унинг дард, ташвишлари, қолаверса, ўтмиш ва бугуни билан яшаётган инсонни кўргандек бўламиз:
Улуғ Алишернинг соч оқин кўриб,
Оғир хаёлларга чўмган бу фасл.
Қайроғоч ёнида ғамгин ўлтириб,
Чолларга ҳассалар йўнган бу фасл...

Шоир (А. Орипов) куз азалдан ўз кўркамлигини “кўз- кўз” қилишини, айниқса куз оқшомларининг нақадар сокин, гўзалликка бой бўлиб, шоир учун илҳом манбаи эканини таъкидлайди:
Эҳ, кузги оқшомлар... Дилимда менинг
Теран туйғуларим қўзғалар жўшиб.
Қўзғалару шу дам қалбимдан секин
Тўкила бошлайди ойдин бир қўшиқ.
Дарҳақиқат, юртимизда айни кунларда биз севган, айниқса ижод аҳли интиқиб кутган беқиёс куз фасли кезиб юрибди. Шоир (А. Орипов) айтгандек, бизга “ойдин бир қўшиқ” лар ҳадя қилмоқда.

Ҳа, Ўзбекистон кузини ҳар қанча таърифласак, ҳар қанча мадҳ этсак, шунча оз. Унинг саховати, тенгсиз гўзаллиги, беқиёс таровати қалбимизни ҳамиша тўлқинлантиради, ажиб туйғуларга ошно этади. Буни бир қўр назар солганимиз – Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” шеърида ҳам яққол кўрдик, ҳис қилдик.
Туроб НИЁЗ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
ЎзА