Ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
Ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш бу соҳадаги ҳақиқий ҳолатни баҳолаш, муаммоларни бевосита ёшларнинг ўзидан эшитиш ва тизимли камчиликларни бартараф этишнинг энг самарали усулидир.
Шунга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Бектемир туманидаги Мусаффо, Олтинтопган ва Иқбол маҳаллаларида ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишлар жойига чиққан ҳолда атрофлича ўрганилди.
Ўрганишлар давомида ёшлар етакчиларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш, ёшлар билан ишлашда самарали ёндашувларни кенгайтириш ҳамда мавжуд муаммоларга амалий ечимлар топиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, "Ёшлар дафтари"да рўйхатда турган йигит-қизларга кўрсатилаётган амалий ёрдамлар, ажратилаётган субсидия ва кредитларнинг мақсадли ишлатилаётгани, маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт майдончалари, тўгараклар ва кутубхоналарнинг фаолияти суриштирилди.
Шунингдек, ёшларнинг фикр ва таклифлари тингланиб, уларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ҳамда янги ташаббусларини рўёбга чиқариш бўйича зарур вазифалар белгилаб олинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА