Ёш ҳуқуқшуносларнинг малакаси оширилмоқда
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида таҳсил олаётган юрисконсультлар гуруҳи учун амалий машғулот ташкил этилди.
Мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ва ҳуқуқий ислоҳотлар, фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг юксак талаблари замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш тизимини ҳам такомиллаштириб бормоқда.
Мутахассисларни замонавий ёндашувлар, халқаро тажрибалар ва инновацион билимлар билан таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини халқаро даражада юксалтириш мақсадида ташкил этилган амалиёт давомида тингловчилар юридик фирмаларнинг фаолияти, мижозлар билан ишлаш тизими, юридик хизматлар кўрсатишнинг замонавий ёндашувлари ҳамда амалиётда учрайдиган ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш тажрибаси билан яқиндан танишди.

Шунингдек, тажрибали мутахассислар томонидан касбий фаолиятда зарур бўладиган амалий кўникмалар юзасидан тавсиялар берилди.
Масъулларнинг қайд этишича, мазкур амалий машғулот тингловчиларнинг назарий билимларини амалий тажриба билан мустаҳкамлаш, касбий компетенцияларни ривожлантириш ҳамда юридик амалиётнинг замонавий йўналишлари ҳақида янада кенгроқ тасаввур ҳосил қилишга хизмат қилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА