Юнусободда янги ижтимоий хизматлар маркази очилди(+видео)
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида аҳолига зарур ижтимоий хизматларни бир манзилда кўрсатишга мўлжалланган янги Ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Бу ерда фуқаролар 10 дан ортиқ ижтимоий, реабилитация ва парвариш хизматларидан бепул фойдаланиши мумкин. Жумладан, болалар ва катталар учун реабилитация, кундузги қараб туриш, эрта аралашув, психосоциал реабилитация ҳамда Япония тажрибаси асосида катталарга кундузги қараб туриш ва реабилитация хизматлари йўлга қўйилган.
Марказ ҳар йили 10 минг нафарга яқин фуқарони қамраб олиш имкониятига эга. Айни пайтда Андижон, Жиззах, Нурафшон, Шайхонтоҳур ва Юнусободда янги форматдаги марказлар фаолият юритмоқда. Жорий йилда яна 20 та, кейинги икки йилда эса 70 та шундай марказни ишга тушириш режалаштирилган.
Мақсад — ижтимоий хизматларни инсонга янада яқинлаштириш ва зарур ёрдамни қулай, сифатли ҳамда бир манзилда кўрсатиш. Марказда яратилган шароитлар ва кўрсатилаётган хизматлар ҳақида — батафсил видеода.
Зиёвуддин Нуриддинов, ЎзА