Мустақиллик — ҳуқуқ, имконият, бурч демакдир! (+видео)
Мустақиллик — бу ҳар бир инсон ва халқ учун ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи, яратувчанлик ҳамда тараққиёт учун кенг имкониятлар ва Ватан олдидаги масъулиятли бурч демакдир.
Истиқлолда ўтган ҳар бир йил жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-маърифий ҳаётида, одамларнинг дунёқараши ва турмуш тарзида ўзига хос маъно ва мазмунга эга из қолдирди. Ҳаётимизнинг барча соҳаларида муҳим ўзгаришлар юз берди. Мамлакат иқтисодиёти режалаштирилган суръатлардан ҳам юқори ривожланишда давом этаётганини халқаро ташкилотларнинг эътирофидан ҳам сезиш мумкин.
Мустақиллик – бу аввало ҳуқуқ. У нималарда намоён бўлади? Ўз Юртида ўзи хоҳлагандек озод ва обод Ватан бунёд этиш, унда эмин-эркин яшаш, ўз тараққиёт йўлини эркин белгилаш, меҳнатининг самарасини, роҳатини кўриш, иқтидор ва имконияти, кучу-қудратини дунёга намоён этиш кабилар шу юрт фарзандларининг ҳуқуқидир. Айнан Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон фуқаролари ҳам ана шундай Олий ҳуқуқни қўлга киритди.
Ушбу ҳуқуқ ўзлигимизни англаш, саховатли заминимиз бойликларини, халқимизнинг улкан яратувчанлик ва интеллектуал салоҳиятини Ватанимиз равнақи, ҳеч кимдан кам бўлмай яшашимиз, буюк орзуларимиз рўёби йўлида сафарбар этиш имконини берди.
Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА