Юнус Ўғуз: Амир Темур янги сиёсий ва маданий тизим яратган буюк давлат арбоби
Тошкентда бўлиб ўтаётган “Амир Темур ва Темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни” халқаро илмий анжумани доирасида ЎзА мухбири ёзувчи ва тадқиқотчи Юнус Ўғуз билан суҳбатлашди.
– Мен бундай анжуманда иккинчи бор иштирок этяпман. Амир Темур ҳақида ёзган икки китобим Россия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда нашр этилган.
Соҳибқироннинг энг улкан хизмати янги тизим ярата олганида. У буюк давлатчилик тажрибаси асосида иқтисодий, маданий ва бошқарув тизимини шакллантирган. Жуда кўп урушлар инсониятга фақат вайронагарчилик келтирган. Темур эса ҳарбий тўқнашувлардан кейин ўша манзилларда янги маданият, одил муҳит яратган.
Амир Темурнинг ҳар бир юришида муайян мақсад, кенг кўламли режа бўлган. У фақат ҳарбий ҳаракат билан чекланмай, ҳар жойда илм-фан ва таълимга алоҳида эътибор қаратган.Мадрасалар қурдирган, олимлар билан маслаҳатлашган.
Умуман, Темурнинг фаолияти туркий дунё учун жуда муҳим, жипслаштирувчи омилдир. Бугун ҳам туркий давлатлар ҳамкорлиги тобора кучаймоқда. Тарихда бирлашишга ҳарбий куч билан эришилган бўлса, бугун бу жараён илм-фан, маданият ва мулоқот орқали амалга оширилмоқда.
Д.Ҳакимов, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА