Косметика саноатида муҳим босқич: Франция ва Корея вакиллари билан стратегик келишувларга эришилди
2026 йилнинг 26-30 апрель кунлари дунёдаги етакчи парфюмерия ва косметика тармоқларидан бири бўлган COSMETIC VALLEY вакиллари бошчилигида 12 нафардан иборат Франция делегациясининг Ўзбекистонга хизмат сафари амалга оширилди. Делегация таркибига етакчи компаниялар раҳбарлари, илмий лабораториялар вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари киритилган.
Мазкур ташриф Ўзбекистон косметика саноатини барқарор ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва инвестициявий жозибадорликни оширишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади. Сафар доирасида делегация аъзолари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, маҳаллий бозор иштирокчилари билан учрашувлар, саноат корхоналарига ташрифлар ҳамда “Tashkent Pharma Park” (“Bio Pharma City”) инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери фаолияти билан танишди.
Тадбирнинг фахрий меҳмони сифатида Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Валид Фук жаноблари иштирок этди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда International Beauty Industry Trade Association (IBITA) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши муҳим воқеликлардан бири бўлди. Ушбу келишув косметика ва космецевтика йўналишларида кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган бўлиб, замонавий тери парвариши, дерматологик ва соғломлаштирувчи маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқиш ва илгари суришни ўз ичига олади.
Меморандум доирасида хорижий компанияларни Ўзбекистонга жалб этиш, уларни “Tashkent Pharma Park” (“Bio Pharma City”) инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида локализация қилиш, илмий-тадқиқот марказлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва инновацион кластерларни ривожлантириш кўзда тутилган. Шунингдек, қўшма корхоналар ташкил этиш, контракт асосида ишлаб чиқариш ва лицензиялаш механизмларини ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан яна бири — доривор ўсимликлар, табиий ва анъанавий косметика ҳамда дори воситаларини ишлаб чиқиш ва тижоратлаштириш ҳисобланади. Шу билан бирга, GMP стандартлари, сертификатлаш жараёнлари ва маҳсулот хавфсизлиги бўйича ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.
Томонлар мутахассислар учун тренинглар, семинарлар ва ўқув ташрифларини ташкил этиш, клиник синовлар, дерматологик тестлар ва маҳсулотларни валидация қилиш соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Биотехнология, дерматология, табиий ингредиентлар ва илғор формуляциялар бўйича қўшма илмий-тадқиқот ишлари ҳам йўлга қўйиладиган бўлди.
Шу билан бир қаторда, ташриф доирасида Франция ва Ўзбекистон ўртасида 2025 йилда эришилган келишувларнинг мантиқий давоми сифатида “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери ҳамда Франциянинг COSMETIC VALLEY кластери мувофиқлаштирувчи ҳисобланган ACTT4Cosmetics Европа консорциуми ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат қўшма илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, технологиялар ва тажриба алмашиш, стартаплар ва қўшма корхоналарни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллий компанияларни халқаро бозорларга чиқишини рағбатлантиришга қаратилган.
Бундан ташқари, халқаро кўргазмалар, форумлар ва B2B учрашувларда иштирок этишни қўллаб-қувватлаш, экологик барқарор ишлаб чиқариш, “яшил” технологиялар ва экологик тоза қадоқлашни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилган.
Ушбу келишувлар Ўзбекистоннинг фармацевтика, косметология ва биотехнология соҳаларида минтақавий инновацион марказ сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаб, миллий саноатни глобал қиймат занжирларига интеграция қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Маълумот учун: COSMETIC VALLEY — парфюмерия ва косметика саноатида дунёдаги етакчи кластерлардан бири бўлиб, 6300 дан ортиқ корхонани бирлаштиради ва 226 мингга яқин иш ўрнини қамраб олади. IBITA эса 2012 йилда ташкил этилган Корея гўзаллик саноатини жаҳон бозорида илгари суришга ихтисослашган нотижорат ташкилот бўлиб, 289 дан ортиқ аъзо компанияларни бирлаштирган ҳамда 45 дан зиёд мамлакатларда ҳамкорлик тармоғига эга нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА