Ёзёвонда балиқ еми заводи очилди
Ёзёвон Марказий Фарғона чўлларида жойлашган бўлиб, ўзига хос иқлим ва географик ҳудудга эга. Унинг қум барханлари орасида туячилик хўжалиги ҳам бор. Манзарага ўзгача файз бағишлаб турган юздан ортиқ балиқ кўллари мавжуд. Ёзёвонда етиштирилган машҳур “Сазан” балиғи қўшни вилоятлар истеъмолчилари орасида ҳам харидоргир.
Аслида балиқчилик туманнинг драйверига айлана оларди. Аммо, ем таъминотидаги муаммолар соҳа ривожини тизгинлаб турган.
Хитойнинг “HUALONG SILIAO” корхонаси Ёзёвон балиқчилиги, балиқ емига эҳтиёж ва талабни атрофлича ўрганди ва 10 миллион доллар сармоя киритиб, йилига 30 минг тонна ем ишлаб чиқарадиган завод қурди. Айни кунларда у фойдаланишга топширилди ва дастлабки маҳсулотларини мамлакат балиқчи фермер хўжаликларига жўнатди.

– Биз беш хил турдаги маҳсулот ишлаб чиқарамиз, яъни уларнинг тури ўлчамига боғлиқ бўлади. Корхонамизда ҳар бир сменада кунига 80 тоннадан ем маҳсулотлари тайёрланади, – дейди корхона иш бошқарувчиси Жасурбек Икромжонов. – Маҳсулот таркибида ун, балиқ, товуқ гўшти, соя, кунгабоқар, гуруч ва маккажўхорилар бор.

– Биз ишлаб чиқараётган балиқ еми аввало даволовчи хусусиятга ҳам эга. У турли паразитлардан балиқни тозалайди, – дейди “HUALONG SILIAO” корхонаси ҳаммуассиси Jo Bing. – Яна бир эътиборли жиҳати, бу ем сувда чўкмайди. Яъни берилган озуқа юз фоиз истеъмол қилинади. Аввалги емлар сувда бўкиб, 15-20 фоизи балиқ озуқалангунча чўкиб кетар эди.
Завод маҳсулоти тўхтовсиз мижозга юбориляпти. Ундаги илгари учрамаган хусусиятлар узоқ вилоятлардан ҳам балиқчи фермер ва корхоналарни жалб этяпти.

– Ҳозирги кунда балиқлар учун махсус витаминли, дориланган, антибактериал ҳамда турли паразит касалликларига қарши емлар ишлаб чиқарилмоқда. Тайёрланаётган маҳсулотларимиз Самарқанд, Хоразм ва Жиззах вилоятларига етказиб бериляпти. Келгуси йилдаги асосий мақсадимиз маҳсулотларимизни чет давлатларга ҳам экспорт қилишдан иборат. Корхонамиз Фарғона вилоятида жойлашган бўлиб, ҳозирча Марказий Осиёда бу йўналишдаги ягона корхона ҳисобланади, – дейди Жасурбек Икромжонов.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TkF2Z_cLABc" title="Yozyovonda baliq yemi zavodi ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА мухбири