Тўрақўрғонда узумчилик ривожланиб бормоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Узумзор маҳалласи узумчилик, қулупнай ва шафтоли етиштириш, шунингдек, ток баргини экспорт қилиш бўйича вилоятдаги намунали ҳудудлардан бири ҳисобланади.
Маҳаллада 2 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ҳозирги кунда 548 гектар майдонда ток парвариш қилиниб, йилига 3–3,5 минг тонна узум етиштирилади. Ҳосилнинг қарийб 2 минг тоннаси экспортга йўналтирилади. Янги ерларни ўзлаштириш ҳисобига токзорлар майдони жорий йилнинг ўзида 40 гектарга кенгайди ва бу маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилди.
[gallery-30694]
Маҳалла аҳли бир мавсумда узумчиликдан қарийб 8,5 миллиард сўм даромад кўради. Шунингдек, ток барги экспорти ҳам аҳоли учун қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунда токзорларда кишмиш навли узумни йиғиб-териб олиш ишлари қизғин давом этмоқда.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида маҳалладаги барча кўчалар асфальтланиб, кўча чироқлари ўрнатилди, ички ва дала йўллари ободонлаштирилди. Бу ишлар аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Маълумотларга кўра, Тўрақўрғон туманида жами 4 минг 836 гектар майдонда мева етиштирилиб, йиллик ҳосил ҳажми 45,2 минг тоннани ташкил этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА