“Ёшлар зиё маскани” – замонавий кутубхона очилди
Одатда анъанавий кутубхонада минглаб китоблар ва шуғулланиш учун ўрин-жойлар бўлади. Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида ташкил этилган кутубхона – “Ёшлар зиё маскани” сал ўзгача. Яъни ихчам майдонга эга хонада китобу Wi-Fi ҳамда электрон жиҳозлар мавжуд. Гап шундаки, бу ер Hitek усулида ташкил этилган. Зиё масканининг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, илмий-оммабоп, болалар адабиёти каби бўлимларида 500 дан ортиқ номдаги китоблар бор. Асосий фонд эса юклама захирада. Унга 1500 дан зиёд адабиётларнинг электрон нусхаси жойлаштирилган. Китобхонлар уларни телефон ёки ноутбукларига бепул кўчириб олишлари ва ўзларига қулай шароит ҳамда вақтда ўқишлари мумкин.

Янги маърифат маскани фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Шерзоджон Полвонов, туман ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда жамоатчилик вакиллари, турли ёшдаги китобхонлар иштирок этди.

Зиё маскани туман марказида, аҳоли гавжум жойда ташкил этилганининг боиси китобхонларга янада қулайлик яратиш, ёшларни китобхонликка кенг жалб этишдир.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА