Ёшлар — жамият тараққиётининг ҳал қилувчи кучи
Бугунги кунда ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бандлигини таъминлаш ва жамиятда муносиб ўрин топиши мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан биридир. Шу боис уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Тошкент вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни ижроси доирасида ёшлар бандлиги, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ижтимоий ҳимояси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишларида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари томонидан ҳудуддаги ўрганишлар асосида тўпланган маълумотларга кўра, ҳисобот даврида 5 минг 332 нафар ишсиз ва доимий даромадга эга бўлмаган шахсни ишга жойлаштириш чоралари кўрилган. Шу билан бирга, 1 минг 887 нафар ишсиз ёш “Ёшлар дафтари”га киритилиб, амалий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, 2 минг 455 нафар ёш касб-ҳунар ўрганишга жалб қилинган, 2 218 нафар ёшнинг тадбиркорлик фаолияти ва бандлигини таъминлашга кўмаклашилган. Яна 2 минг 203 нафар ёш ўқув курслари ва мономарказларга йўналтирилган.

– Бу кўрсаткичлар ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар кўламини ифодалайди, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссия раиси Гулираъно Умарова. – Бироқ масаланинг муҳим жиҳати нафақат ёшларни касбга ўқитиш ёки ишга йўналтириш, балки уларнинг қанчаси доимий иш билан таъминлангани, олган касби бўйича фаолият юритаётгани ва барқарор даромадга эга бўлганидир. Шу боис касб-ҳунарга ўқитилган ёшларнинг кейинги бандлигини мониторинг қилиш, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Биз ўтказган ўрганишларда айнан шу жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу жараёнда 10 дан зиёд ҳамкор ташкилотлар ёрдам берди.

Ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни илм-фан, спорт, ахборот технологиялари ва бошқа йўналишларга жалб этиш муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 1 миллион 250 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз қамраб олинган. “Заковат” ва бошқа интеллектуал ўйинлар йўналишларида эса 192 минг нафар ёш турли тадбирларга жалб этилган. Айниқса, жорий йил 5 октябрь куни “Заковат” интеллектуал ўйинининг республика босқичида Чиноз тумани жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, 60 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирлангани эътиборга молик.
Хорижий давлатларда таълим олаётган, меҳнат қилаётган ва илғор тажриба орттираётган ёшлар вилоятнинг муҳим салоҳияти ҳисобланади. Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида 5 минг 812 нафар ёш хорижий давлатларда бўлиб турибди. Уларнинг 1 минг 685 нафари таълим олиш, 4 минг 127 нафари эса меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун хорижга кетган.

Шунингдек, вилоятдан 324 нафар ёш дунёнинг ТОП-1000 рейтингига кирувчи хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 21 нафар фаол ёш хорижда таълим олиш имкониятига эга бўлган. Ушбу кўрсаткичлар ҳудудда ёшларнинг халқаро таълим майдонидаги иштироки кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Ўз навбатида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва ижтимоий ҳаётга фаол жалб қилиш доимий эътибор талаб этади. Бу жараёнда оила, маҳалла, таълим муассасалари ва масъул идоралар ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Ҳозиргача вилоятда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил 4 минг 915 нафар ёш билан профилактика инспекторлари ҳамкорлигида манзилли ишлар олиб борилган. 7 минг 741 нафар ёшнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва юқори синф ўқувчиларининг давоматини таъминлаш чоралари кўрилган.

Айниқса, “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақаларига минглаб ёшлар қамраб олинган, профилактик ҳисобда турган 1 минг 300 нафар ёш “Жасорат мактаби” ўқув йиғинларида иштирок этди. Шунингдек, туман ва шаҳарларда 220 нафар ёшдан иборат “Фронт офислари” ташкил этилган. Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,1 фоизга, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар эса 25,1 фоизга камайган.

Шу билан бирга, маҳаллаларда ёшлар билан манзилли ишлашни кучайтириш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ижтимоий ҳимоя ва бандликка муҳтож ёшлар билан ишлашдаги ташкилий масалаларни такомиллаштириш зарур. Зеро, профилактиканинг асосий мақсади ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин чора кўриш эмас, балки унинг олдини олиш ва ёшларнинг тўғри ҳаёт йўлини танлашига кўмаклашишдир.
Аслида ёшларга оид давлат сиёсатининг самараси, аввало, улар ҳаётидаги аниқ ўзгаришларда намоён бўлади. Касб ўрганган йигит-қизнинг ўз мутахассислиги бўйича меҳнат қилиши, иқтидорли ёшнинг қобилиятини рўёбга чиқариши ва ҳар бир ёшнинг жамиятда ўз ўрнини топиши муҳим мезондир.
А.Мусаев,ЎзА