Профессионал таълим соҳасида ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги таълим, илм-фан ва касбий тайёргарлик соҳаларидаги ҳамкорлик йилдан-йилга янги амалий лойиҳалар билан бойиб бормоқда. Айниқса, профессионал таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёшларга замонавий касб-ҳунар сирларини ўргатиш борасидаги қўшма ташаббуслар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бундай ҳамкорлик нафақат таълим сифатини ошириш, балки меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали мутахассисларни тайёрлаш учун ҳам янги имкониятлар яратмоқда.
Бу ҳақда “Россотрудничество”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходими Асия Эрдниева қуйидагиларни маълум қилди:
– Бугунги кунда профессионал таълим тизимини ривожлантириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ёшларга замонавий касб-ҳунар сирларини ўргатиш алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, транспорт ва темир йўл соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлашда назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, талабаларнинг замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш муҳим вазифалардан биридир.
Шу нуқтаи назардан, ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини кучайтириш, уларни келгусидаги касбий фаолиятига пухта тайёрлаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратмоқдамиз. Бунинг учун таълим муассасаларининг моддий-техник имкониятларини кенгайтириш, ўқув устахоналарини замонавий жиҳозлар билан таъминлаш ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Бундай ташаббуслар орқали ёшлар нафақат касбий билим олади, балки ўз соҳасида бевосита ишлаш учун зарур амалий тажриба ва кўникмаларни ҳам эгаллайди.
Бу борада Тошкент транспорт техникумида ҳам муайян ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим. Хусусан, техникумда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, янги амалий ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу жараёнда ўқув-ишлаб чиқариш базасини такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш, шунингдек, талабалар учун замонавий касбий кўникмаларни эгаллашга хизмат қилувчи қўшимча имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида “Россия темир йўллари” компанияси томонидан Тошкент транспорт техникумига “пайвандчи” касби бўйича амалий машғулотларни ташкил этиш учун зарур жиҳозлар ва махсус иш кийимлари тақдим этилди.
Ушбу янги ускуналар ўқув-ишлаб чиқариш устахонасида амалий машғулотларни янада самарали ташкил этиш, талабаларга пайвандлашнинг турли усулларини ўргатиш имконини беради ҳамда уларнинг хавфсиз ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, махсус иш кийимларининг тақдим этилиши ҳам машғулотларни меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик талабларига мувофиқ ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки пайвандчилик касби юқори масъулият, аниқлик, техник билим ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни талаб этади. Талабаларнинг таълим жараёнидаёқ ана шу талабларга амал қилишни ўрганиши уларнинг келгусида ишлаб чиқаришда самарали фаолият юритиши учун мустаҳкам замин яратади.
Айтиш керакки, бундай қўшма ташаббуслар ёшларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, уларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш билан бир қаторда, Ўзбекистон ва Россия ўртасида профессионал таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, унинг амалий самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.