Ёшлар наркотаҳдидларга қарши биргаликда курашади
Самарқандда “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги глобал форум доирасида илк бор Бирлашган миллатлар ташкилотининг ёшлар тармоғи вакиллари билан илк бор “Наркотаҳдидларга қарши курашиш бўйича ёшлар саммити” ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган саммитда юртимиз ҳудудлари ҳамда Марказий Осиё давлатларидан бир минг нафарга яқин фаол ёшлар офлайн ва онлайн тарзда қатнашди.
Саммит очилишида наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги директори ўринбосари Жобир Азимов, Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев, БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Бо Матиасен сўзга чиқиб, илк бор ўтказилаётган мазкур тадбир Марказий Осиё давлатлари ёшлари орасида гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш, наркожиноятларга қарши муросасиз курашни давом эттириш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилганини таъкидлади.
– Саммит бугунги кунда наркотиклар билан боғлиқ масалаларда ёшларнинг фикри жуда муҳимлигини кўрсатади ва унда сизларнинг фаол иштирок этаётганингиз эътиборли, – деди Бо Матиасен ўз нутқида. – Кеча форумнинг асосий тадбирлари чоғида ёшларнинг гиёҳвандликка қарши курашишда дунё мамлакатларини ҳамкорликда ишлашга чақириғи ушбу анжуманнинг муҳим баёноти бўлди, дейиш мумкин. Бу форумнинг амалий аҳамиятини ҳамда Самарқанд декларациясининг наркотаҳдидларга қарши курашишда келгуси фаолиятимизни давом эттиришнинг инклюзив асоси бўлиб хизмат қилишини намоён этади. Шу билан бирга бугун Марказий Осиё бўйлаб гиёҳвандликнинг олдини олиш бўйича самарали ва маданий жиҳатдан мослаштирилган ёндашувларни алмашиш учун минтақавий платформа яратиш заруратини юзага чиқармоқда. Бу эса ёшларга йўналтирилган профилактикани ривожлантириш ҳамда мажбуриятларни амалий натижаларга айлантиришга қаратилган 2026-2030 йилларга мўлжалланган янги қўшма минтақавий ҳаракат режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хизмат қилади. Бунда Марказий Осиё бўйича минтақавий ёшлар тармоғининг ролини алоҳида таъкидлашни истардим. Уларнинг яқинда ўтказган ташаббуслари натижасида қарийб 9 минг нафар ёшлар онлайн сўровда иштирок этиб, гиёҳванд моддалар истеъмоли, унга дучор бўлиш ва хабардорлик юзасидан муҳим маълумотлар тақдим этилди. Минтақада гиёҳвандликнинг 2025 йилдаги 3 фоиздан 2026 йилда 7 фоизга ошгани эса бу борада узлуксиз ва мувофиқлаштирилган чоралар кўриш заруриятини тасдиқлайди.
[gallery-28893]
Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги директори ўринбосари Жобир Азимов аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, ёш авлодни турли таҳдидлардан асраш, гиёҳвандликка қарши курашиш глобал миқёсда муҳим масалага айланаётган бир пайтда мазкур форумнинг ўтказилиши давлатимизнинг бу иллатга муносабатини ифода этди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги фармонида гиёҳвандликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш, профилактика ишларини кучайтириш ва аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш устувор вазифалар этиб белгиланган, – деди Ж.Азимов. – Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил декабрь ойида Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида гиёҳвандликка қарши курашни умуммиллий ҳаракат даражасига олиб чиқиш зарурлиги алоҳида таъкидланиб, ушбу иллатга қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазифаси эмас, балки бутун жамият – оила, таълим муассасалари, маҳалла ва фуқаролик жамияти институтларининг биргаликдаги масъулияти экани қайд этилганди. Шундан келиб чиқиб, олиб борилган ишлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг наркоманбани аниқлашга алоҳида эътибор қаратиши натижасида 2026 йилнинг I чорагида яширин нарколабораториялар ва йирик уюшган наркожиноий гуруҳларни аниқлаш натижадорлиги 3 баробарга ошди. Ёшларда гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантириш, уларни огоҳликка чақириш мақсадида маҳаллалар, таълим муассасалари, жамоат жойлари ҳамда давлат ва хусусий секторга қарашли идора-ташкилотларда мунтазам равишда тарғибот ва тарбиявий-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Саммитда минтақа давлатлари ёшлари ўз лойиҳалари юзасидан фикр алмашиб, ўсиб келаётган минтақа ёшларининг бу иллатдан ҳимоя қилишнинг янги, самарали усулларини амалиётга жорий қилиш масалаларини муҳокама қилди.
– Ушбу саммит бугунги куннинг глобал масаласига айланган гиёҳвандликка қарши курашишда Марказий Осиё давлатлари ёшларининг ўзаро тажриба алмашиши ва ҳамкорлик қилиши учун қулай майдон вазифасини ўтамоқда, – дейди қирғизистонлик Байаман Бекбоосунов. – Кеча форумда минтақа давлатлари ҳуқуқ-тартибот органлари наркотаҳдидларга қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлашди ва бу борада келишувларга эришди. Ушбу йўналишда биз – ёшларнинг ҳам ўз лойиҳаларимиз, дастурларимиз бор. Айниқса, ёшлар ўртасида профилактик тарғибот ишларини кучайтирсак, ўзаро тажриба алмашсак, албатта, ижобий натижаларга эришамиз. Агар бугун профилактика ишларини кучайтирмасак, эртага йирик наркожиноятларга қарши курашишимизга тўғри келади.
Тадбирда ўзбекистонлик фаол ёшлар ташаббуси билан жорий қилинган “Antinarko” ёшлар фронт-офислари волонтёрлари ҳаракати ҳамда “AI Hackathon” умумиллий лойиҳасининг интернет тармоғидаги наркодўконлар ва гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш ҳолатларини сунъий интеллект технологиялари ёрдамида аниқлаш ва блоклашга мўлжалланган “QalqonAI”, “Sentinel” ва “NarkoGuard” каби дастурлари намойиш этилди. Шу билан бирга, саммитда “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” республика видеороликлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилиб, улар пул мукофотлари билан тақдирланди.
Саммит якунида Марказий Осиё ёшлари томонидан минтақа давлатларининг соҳага оид фаолият олиб бораётган расмийларига “Ёшлар мурожаати” қабул қилинди.
Айтиш мумкинки, Самарқанд форуми трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашишда ягона ёндашувларни шакллантириш, халқаро ва минтақавий даражада самарали ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари