Болалар саломатлиги учун хавфли бўлган ўйинчоқлар аниқланди
Сўнгги вақтларда бозорларимизда сифатсиз ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ўйинчоқлар кўпайиб бормоқда. Бу каби ҳолатларни аниқлаш ва чора кўриш мақсадида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги назорат инспекциясининг Тошкент шаҳар бўлими пойтахтдаги савдо шохобчаларида навбатдаги назорат тадбирларини ўтказди.
Ушбу тадбирлар давомида Хитойда ишлаб чиқарилган “Police”, “Shaqildoq”, “Assault” тўппончалари ҳамда “Darts” маҳсулотларининг сифати ва техник ҳолати лаборатория шароитида чуқур таҳлил қилинди. Текширув натижалари шуни кўрсатдики, мазкур маҳсулотларнинг барчаси белгиланган стандартлар ва техник регламент талабларига мутлақо зид равишда ишлаб чиқарилган.
Экспертлар хулосасига кўра, бу ўйинчоқлар болалар саломатлиги учун бир неча йўналишда жиддий хавф туғдиради. Масалан, “Police” ўйинчоқ тўппончаси болаларда бўғилиш ёки тан жароҳати олиш хавфини юзага келтирса, “Shaqildoq” ўйинчоғи болаларнинг нозик эшитиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги аниқланди. “Assault” ўйинчоқлари хавфли ҳолатлар келтириб чиқариши, “Darts” ўйинчоқларининг қирралари эса меъёрдан ортиқ ўткирлиги сабабли болаларга шикаст етказиши маълум бўлди.
Аниқланган ушбу жиддий камчиликлар сабабли мазкур маҳсулотларнинг Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилиши расман тақиқланди. Ҳозирда барча савдо субъектларига тегишли огоҳлантириш хатлари юборилиб, ушбу хавфли маҳсулотларни савдо айланмасидан чиқариш ва сотувини бутунлай тўхтатиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА