Ёшлар ишлари агентлиги кўплаб халқаро келишувларга эришди
Шу кунларда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги делегация АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида қатор самарали учрашувларда иштирок этмоқда.
Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан хорижий олийгоҳлар ҳамкорлигида 40 минг нафар ёшни бизнесга ўргатувчи “Янги авлод тадбиркорлари” дастурини амалга ошириш вазифаси белгиланган эди.

Шу мақсадда ташкил этилган учрашувлар давомида А.Саъдуллаев “Cornell Tech” дастури раҳбари Фернандо Гомез-Бакеро билан учрашиб, PhD олимларни стартап асосчиларига айлантирувчи “Runway” дастурини юртимизда “UzCombinator” лойиҳаси орқали жорий этиш ва мутахассисларни Ўзбекистонга таклиф қилишга келишилди.

NYU тадбиркорлик институти вакили Кит Мауппа ва Ребекка Гард Силвер билан институтнинг стартап экотизими ўрганилиб, махсус платформалар ва “Yoshlar Ventures” жамғармаси ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди.

“Founder Institute” ташкилот вакили Реид Ҳамилтон билан ўзбекистонлик иқтидорли фоундерларни ушбу нуфузли ташкилотнинг 14 ҳафталик глобал дастурига жалб этиш ва уларни халқаро инвестицияларга олиб чиқиш муҳокама қилинди.

“Endeavor” тармоғи директори Эван Буллингтон билан ёш стартапчиларимиз лойиҳаларини глобал тармоққа интеграция қилиш ҳамда халқаро бозорга олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, БМТ Ёшлар офиси раҳбари Фелипе Пауллиер билан мулоқотда ёшларимизнинг БМТдаги стажировкаси, минтақавий сув муаммолари ҳамда ёшлар руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича амалий ҳаракатларни бошлаш белгиланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА