Иродаси кучли инсон қийинчиликни енга олади
Бухоро вилояти Жондор тумани Кўлиён маҳалласида яшовчи Асрбек Солиев 2021 йилда чет элда меҳнат қилиб юрган пайтида автоҳалокат натижасида ўнг оёғидан айрилади. Бу ҳар қандай инсон учун оғир синов, руҳий ва жисмоний зарба бўлди. Бироқ, Асрбек бу қийинчиликка таслим бўлмади. Оиласи, айниқса, бобо-бувисининг маънавий қўллаб-қувватлаши унга куч бағишлади ва ҳаётга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.
Бугунги кунда Асрбек ўз томорқасида ташкил этган иссиқхонада 35 туп лимон кўчатларини парваришлаб, ҳар бир тупдан ўртача 1 миллион сўм атрофида даромад олмоқда.
Асрбек саломатлигини яхшилаш мақсадида Жондор тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилди. Мутахассислар унинг ҳолатини ўрганиб, ўлчамлар олишди ва уни замонавий, қулай протез билан таъминлашди. Янги протез Асрбекнинг кундалик ҳаётини енгиллаштириб, унинг янада фаол бўлишига мадад бўлди.

Шу билан бирга, “Инсон” маркази томонидан берилган икки қути асалари уяси орқали у асаларичиликни ҳам бошлади. Бобоси томонидан қўшимча уч қути асалари уяси олиб берилиши эса унинг бу соҳадаги фаолиятини янада кенгайтирди. Ҳозирда Асрбек асалчиликни ривожлантириш билан бирга, ёшлар учун 30 йилга ажратилган ер майдонини ҳам қўлга киритиб, дуккакли экинлар экишни режалаштирган.

– Ногиронлик гуруҳининг белгиланиши, бу ҳаётдан тўхташ дегани эмас. Инсон кимгадир юк бўлмасдан меҳнат қилиши, мақсад сари интилган ҳолда яшаши керак. Агар тўхтасанг орқага кетасан. Меҳнатни севган инсондан дард ҳам чекинади, – дейди у.
Асрбек Солиевнинг ҳаёт йўли матонат, сабр ва меҳнатсеварликнинг ёрқин намунасидир. У ўз тақдиридаги оғир синовларга қарамай, ўзини топа олди, меҳнат қилди ва жамиятда ўз ўрнини мустаҳкамлади. Бу инсон иродаси кучли бўлса, ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишига яна бир мисолдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.